Миршакар Тўрабоев Когон шаҳар ҳокими этиб тайинланди
У Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Тўрабоев Миршакар Музаффарович Когон шаҳар ҳокими этиб тайинланди.
Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда ташкилий масала кўрилди.
Ҳаёт Ҳасанович Давлатов Пешку туманига ўтганлиги муносабати билан Когон шаҳар ҳокими лавозимидан озод қилинди.
Тўрабоев Миршакар Музаффаровични Когон шаҳар ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги вилоят ҳокимининг қарори ўқиб эшиттирилди.
Миршакар Тўрабоев 1982 йилда Пешку туманида туғилган. 2023 йилда Бухоро давлат университетини битирган. Мутахассислиги - молия ва иқтисодиёт.
Меҳнат фаолиятини Бухоро шаҳар молия бўлими иқтисодчиси сифатида бошлаб, вилоят молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи лавозимларида меҳнат қилган.
Айни пайтга қадар у Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг бошқарма бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.