Замонавий касблар бепул ўргатилмоқда
SMM курсларида ўқиётган қизлар ўзларини анча эркин тутиб, ҳаётда йўл топишда катта илҳом бағишлаётганини билдирмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида 1000 нафар қиз учун 24 модулли SMM курсида бепул дарслар ўтиляпти. Бугун мазкур курсда таҳсил олаётган бир гуруҳ тингловчилар ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Гуласал Отамуродова (18 ёш):
– Бугун ҳар бир инсоннинг бирор-бир ижтимоий тармоқда ўз саҳифаси бор. Бирор нима харид қилмоқчи бўлса ҳам, тармоқларда қай даражада трендда эканига, изоҳларга одамлар қандай фикр билдираётганига эътибор қаратади. Бу эса тармоқлараро бизнес яратиш ва ривожлантириш имконияти аллақачон янги босқичда эканини кўрсатади. Шу сабаб менда SMMни чуқур ўрганишга қизиқиш уйғонди. Аввал SMMни YouTube платформасидан кузатиб, ўрганар эдим: дарслар жуда бетартиб ва айрим қоидалар тушунарсиз баён қилинарди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ташкил қилинган бепул SMM курсларида эса тартиб билан олиб бориляпти. Шунингдек, ҳар бир қоида бирма-бир назарий ва амалий тарзда ўргатиляпти.
Шаҳноза Саматова (27 ёш):
– Бу курс ҳақида ижтимоий тармоқлардаги рекламалар орқали хабар топдим. SMM курслари мен каби оналик таътилидаги аёлларга, айниқса, жуда яхши имконият тақдим қиляпти. Чунки бу вақтда она ишламайди, лекин рўзғорда турмуш ўртоғига ёрдам бергиси келади. Мен ҳам оналик таътилида эканимдан фойдаланиб, турмуш ўртоғимга ёрдам беришни ўйладим ва SMM курсларига ёзилдим. Турмуш ўртоғим ишлайдиган соҳа полиграфия бўлгани сабабли шу йўналишда тармоқларда саҳифалар очиб, ўзим юргизиш ниятидаман. Бу нафақат турмуш ўртоғимнинг меҳнатини тарғиб қилишга ёрдам беради, балки оилавий бюджетга ҳам қўшимча даромад олиб келади. Бизга мана шундай имконият яратиб берган ташкилотчиларга миннатдорлик билдираман.
Замира Жўраева (18 ёш):
– Маркетингни бир бутун "торт" деб олсак, SMM унинг энг асосий қисми – "қаймоғи" ҳисобланади. SMM ўз ичида яна бир нечта тармоқларни қамраб олади. Уларнинг ичида менга энг кўп ёқадиган қисми бу – график дизайн. Чунки расм чизиш, лойиҳалар яратиш, логотиплар тайёрлаш кабиларга қизиқишим юқори. Бу қизиқишларимни касбга йўналтиришимда SMM курслари менга катта ёрдам беряпти. Дарслар бепул, шунингдек, машғулотлар куннинг тўртта қисмида ташкил қилинган ва турли ҳудудларда филиаллари мавжуд. Бу эса нафақат уйда ўтирган ишсиз қиз-аёллар учун, балки таълим муассасаларида ўқийдиган қизлар учун ҳам жуда қулай имкониятни тақдим қилмоқда.
Севинч Норқулова (19 ёш):
– Мен фотографияга қизиқаман. Лекин яқинларим техника қиз бола учун эмас, деб кўп койир эди. Шунга қарамай, қизиқишларимни рўёбга чиқариш йўлларини ахтаравердим. Ниҳоят бепул SMM курслари ҳақида дўстларимдан эшитдим ва дарҳол курсга ёзилдим. Ҳозирда ижтимоий тармоқларда махсус саҳифа яратиб, табиатнинг инсонлар бир қарашда илғамайдиган гўзалликларини тасвирларга муҳрлашни, буни шунчаки мобил телефонда ҳам амалга ошириш мумкинлигини ўргатувчи саҳифа юритмоқдаман. Бу блогни юритишда менга менторларимиз – SMM мутахассислари ҳар томонлама кўмак бермоқда.
Бир сўз билан айтганда, тармоқлар "тилини" ўрганиш бугун ҳар бир касб эгаси билиши лозим бўлган ишга айланди. Шунга кўра, мазкур ўқув курси мобайнида тингловчиларга ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини яратиб, бир ойда ўртача 3 млн сўмгача даромад олишлари мумкин бўлган бир қатор йўналишлар бўйича таълим берилади. Бундай ташаббуслар хотин-қизлар уйдан чиқмаган ҳолда ҳам касб ўрганиб, оилавий бюджетга ўз ҳиссаларини қўшишга ёрдам беради.
Юлдуз Ўрмонова, журналист