Қиз бола деманг бизни... SMMчи қизлардан зўр мотивация
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ташкил этилган SMM-мактаб қизларга қандай илҳом беряпти?
Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтда 30 ёшгача бўлган аёл-қизларнинг замонавий касбларни ўрганиши, уларнинг бандлигини таъминлаш ва даромад топишлари учун мега лойиҳани бошлаганди. Яъни ҳокимлик “Тошкент ёшларни севади” ойлиги доирасида пойтахтда 1000 нафар қизни SMM йўналишига бепул ўқитмоқда.
Platina.uz мазкур лойиҳа доирасида SMM-мактабда ўқиётган қизлар билан суҳбатлашди, лойиҳа аёл-қизларга нималар бераётгани, ўқиш жараёни қандай кечаётгани ва галдаги режаларига қулоқ тутди.
Мубина Мирзаалиева, SMM-мактаб ўқувчиси:
– Дарслар бошланганига бир ҳафта бўлганига қарамасдан, кўчаларга чиқиб контентлар олишни бошладик. SMM соҳасига кириб келишимга сабаб – ажрим бўлди. Ўзимни чалғитиш учун соҳага [SMM] кирдим. Келажакда, Худо хоҳласа, шу касбни маҳкам ушлаб, охиригача олиб бориш.
SMM ҳамма соҳага керак. Ўзингизнинг бизнесингиз бўлса, уни ҳам юрита оласиз, бошқаларнинг бизнесини ҳам юрита оласиз. Ҳозирги уйда ўтириб ишласа бўладиган энг яхши касб шу бўлиб қолди. Мақсадим – ўзимнинг бизнесимни очиб, бренд қилиб танитиш.
Мени кўриб турган қизларга қотиб қолмасликни, уйда ўтириб, тушкунликка тушмасликни айтаман. Аёл кишининг қўлидан ҳамма иш келади. Хоҳиш бўлса етарли.
Нигора Қосимова, SMM-мактаб ўқувчиси:
– Мобилографликка жуда қизиққаним учун SMM соҳасига кириб келдим. Ўзим ширинликлар пиширардим, жисмоний чарчаб қолардим. Ҳозир ҳам амалий, ҳам назарий дарслар бўляпти.
Дарслар бир ярим соат давом этади, дастлабки 40 дақиқаси назария, кейин эса амалий машғулотлар бошланади. Ҳозирдан видеолар тайёрлаб, логолар ясаяпмиз.
Бошланишига 3 млн сўмдан 10 млн сўмгача даромад топса бўлади. Фақат ҳаракат керак. Келажакда шу соҳада ишламоқчиман, ўзимга ўхшаган қизларга дарс бермоқчиман.
Райҳона Аҳмадова, SMM-мактаб ўқувчиси:
– SMM соҳасига бепул ўқитиш лойиҳасини йўлга қўйгани учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасига раҳмат айтмоқчиман.