Президент ҳаво ва темир йўлдаги ишларни танқид қилди
Соҳа раҳбарлари иш услуби ва ёндашувларини кескин ўзгартириши, трансформацияни жадаллаштириши, қурилиш ва модернизация лойиҳаларини сифатли бажариши кераклиги айтилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 26 ноябр куни темир йўл ва авиация соҳасидаги режалар тақдимоти билан танишиб, ҳар икки йўналишдаги ишларни танқид остига олди.
"Энди соҳа раҳбарлари иш услуби ва ёндашувларини кескин ўзгартириб, натижани таъминлаши зарур. Бунинг учун, аввало, соҳада трансформацияни жадаллаштириш, қурилиш ва модернизация лойиҳаларини сифатли бажариш лозим. Халқаро кредит рейтинги олиш, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш, инвестицияларни самарали ишлатиш ҳам муҳим вазифалар қаторида", деди давлат раҳбари.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳаво йўллари ҳали аҳолини рози қиладиган даражага етгани йўқ. Халқаро рейтинг олиб, ташқи бозорга чиқиш кечикяпти. Оқибатда таннарх юқорилиги учун чипта нархида сезиларли ўзгариш йўқ. Харажатларни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар ижроси суст.
Шу боис Шавкат Мирзиёев консалтинг компаниясини жалб қилиб, трансформация бўйича аниқ дастур ва “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.
Масалан, Самарқанд аэропорти хусусий бошқарувга берилгач, парвозлар ва йўловчилар сони 5 баробар ошган. Энди Наманган, Андижон, Бухоро ва Урганч аэропортларида ҳам шундай мақсад кўзланган. Йил якунигача аэропортларда қўшимча хизматларни 2 карра кўпайтириш, даромадни 25 фоиз ошириш мўлжалланган.
Халқаро бозордан мустақил ресурс жалб қилиш, Навоий аэропорти терминалидан тўлиқ фойдаланиш чоралари белгиланди.
Давлат раҳбари мазкур учта компанияда рақамлаштиришни жадаллаштириш, режаларни қайта кўриб чиқиб, иқтисодий натижадорликни ошириш бўйича топшириқлар берди.