Янги мудофаа вазири ҳақида нималарни биламиз?
Шуҳрат Холмуҳамедов шу пайтгача бир қатор жиддий лавозимларда ишлаган, генерал-майор унвонига эга.
Холмуҳамедов Шуҳрат Ғайратжонович президент фармони билан Мудофаа вазири лавозимига тайинланди. Хўш, янги вазир ҳақида нималар маълум?
У Тошкент вилоятида туғилган, аммо таржимаи ҳоли ҳақида маълумот топилмади. Лекин шу пайтгача бир қатор жиддий лавозимларда ишлаган. 1996 йилдан бери ҳарбий соҳада.
Хусусан, у аввал мудофаа вазирининг қурол-аслаҳа ва қуроллантириш бўйича ўринбосари, 2018-2021 йилларда фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари, президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби ўринбосари бўлиб ишлаган.
2021 йил 23 мартдан бери Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Бош штаб бошлиғи лавозимида эди. Бунда у Павел Эргашевнинг ўрнига тайинланган эди.
2016 йилда Шуҳрат Холмуҳамедов "Содиқ хизматлари учун" медали билан тақдирланган.
22 ноябр куни мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов Давлат хавфсизлик хизмати раиси бўлди, ДХХ раиси Абдусалом Азизов эса Хавфсизлик кенгаши ихтиёрига ўтказилди.
Бўшаб қолган мудофаа вазири лавозимига Шуҳрат Холмуҳамедов тайинланди.