platina.uz

Шавкат Мирзиёев "Яшил макон" доирасида кўчат экди

Пойтахтнинг Бектемир туманида, Тошкент ҳалқа йўли бўйида яшил ҳудудга асос солинди. Бунинг учун 100 гектар ер ажратилган бўлиб, икки йилда жами 100 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилиши кутилмоқда. 

Жамият
23 ноябрь, 13:38
Шавкат Мирзиёев "Яшил макон" доирасида кўчат экди
Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида барпо этилаётган янги боққа кўчат экди.

Бугунги асрга келиб табиат софлиги энг долзарб масалага айланди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш табиий мувозанатга ва одамлар соғлиғига зарар етказмоқда.

Давлат раҳбари ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатлари экиш анъанаси жонланди.

Президент аввалги йилларда Янги Тошкент, Сергели, Чилонзор туманларида кўчатлар эккан эди. Бу йил пойтахтнинг Бектемир туманида, Тошкент ҳалқа йўли бўйида яшил ҳудудга асос солинди.

Бунинг учун 100 гектар ер ажратилган бўлиб, икки йилда жами 100 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экилади. Уларни парваришлаш учун 3 та сунъий сув хавзаси ва 12 та қудуқ барпо этилди.

Маълумки, “Яшил макон” лойиҳасида шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида “яшил белбоғ” яратиш мақсади белгиланган. Ҳалқа йўли бўйидаги бу ҳудуд Тошкент “яшил белбоғ”ининг бир қисми бўлади. Яна бир эътиборли томони, бу ерда табиий ўрмон шакли ҳосил қилинади.

Давлат раҳбари жамоатчилик вакиллари ва чет эллик дипломатлар билан суҳбатлашди, ушбу хайрли ташаббусга ҳисса қўшаётгани учун миннатдорлик билдирди.

- Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни “она” дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўлаяпти. Шунинг учун “Яшил макон” лойиҳасини бошладик. Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Тадбирни видеоалоқа орқали Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар жамоатчилиги ҳам кузатди. У ерларда ҳам кўчатлар экилди. Ушбу кузги мавсумда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида 80 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш режалаштирилган.

Баҳорда 138 миллион дона кўчат экилган эди. Вазирлик ва ҳокимликлар 257 та боғ барпо қилган. Йирик саноат корхоналари ва чиқинди полигонлари атрофига ҳам дарахтлар экилиб, “яшил белбоғ”лар ташкил қилинмоқда.

Автомобиль ва темир йўллари, дарё ва каналларга туташ ерлар дарахт экиш учун қарийб 10 минг аҳоли ва тадбиркорга ижара шартномаси асосида ажратиб берилди. “Менинг боғим” лойиҳаси доирасида ғолиб деб топилган 215 та лойиҳа бўйича босқичма-босқич экиш ишлари бошланди.

Умуман, охирги 3 йилда мамлакат бўйича жами 646 миллион туп кўчат ва буталар экилган. Оролбўйида яшил қоплама 2 миллион гектардан ошган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+