platina.uz

Хориждаги ватандошлар учун махсус карта жорий этилади

У орқали Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириш ва чиқиш мумкин бўлади.

Жамият
22 ноябрь 2024 йил
Хориждаги ватандошлар учун махсус карта жорий этилади

Президент қарори билан “Ватандош” гувоҳномаси ва “Ватандош” картасини расмийлаштириш, бериш ҳамда бекор қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

"Ватандош" гувоҳномаси – хорижда истиқомат қилаётган ватандошларни рағбатлантириш шакли бўлиб, Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган, мамлакатнинг бошқа давлатлар билан дўстона муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган, республикада хайрия (меценатлик) фаолиятини амалга ошираётган ватандошларга миннатдорлик белгиси ҳамда "Ватандош" картасини олиш учун асос ҳисобланадиган ҳужжат.

Вазирлик ва идоралар томонидан таклиф ва ташаббус асосида гувоҳнома бериш бўйича тақдим этилган номзодларни кўриб чиқиш учун комиссияга тавсиянома киритилади.

"Ватандош" картаси – гувоҳнома асосида 5 йил муддатга (ватандош миллий паспортининг амал қилиш санасидан ошмаган ҳолда) бериладиган ҳамда Ўзбекистон ҳудудида белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ID карта шаклидаги ҳужжат.

Картага эга ватандошларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:

  • Ўзбекистон ҳудудига визасиз кириш ва чиқиш;
  • мамлакат ҳудудида кўчмас мулк сотиб олишда чет эл фуқароларига нисбатан белгиланган кўчмас мулкнинг миқдорлари татбиқ этилмайди ва Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси талаб қилинмайди;
  • хорижий фуқарога бериладиган меҳнат фаолиятига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларсиз меҳнат фаолияти билан шуғулланиш;
  • Ўзбекистон фуқаролари учун белгиланган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш.

Карта эгаларининг оила аъзоларига (ота-онаси, эр (хотини) ва вояга етмаган фарзандлари) қуйидаги имтиёзлар берилади:

  • амалдаги виза муддатини узайтиришда Ўзбекистон ҳудудидан чиқиш заруратисиз чекланмаган миқдорда узайтириш имконияти билан давлат божи ундирилмасдан кўп марталик виза олиш;
  • Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий, таълим ва бошқа давлат хизматларидан фойдаланиш;
  • вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олишни давлат божи ундирилмасдан ички ишлар органларида расмийлаштириш ва узайтириш.
© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+