Туғуруқхоналарга 100 млн доллар йўналтирилади
Шавкат Мирзиёев янги ҳукумат олдига бир қатор муҳим вазифаларни қўйди.

Келгуси 5 йилда туғуруқхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга 100 миллион доллар йўналтирилади. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси мажлисида Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Шунингдек, ҳукумат маҳаллалардаги 18 мингта тиббиёт бригадаларини ўқитиш, 884 минг нафар беморни уй шароитида реабилитация билан қамраб олиш бўйича янги тизимни жорий этади.
Президент соғлиқни сақлаш, таълим ва спортни ривожлантириш бўйича катта дастурларни самарали ва тўлиқ амалга ошириш – ҳамиша ҳукуматнинг кун тартибида туриши кераклигини билдирди.
"Ўртача умр кўриш даражасини 78 ёшга етказиш учун бирламчи тиббий хизматларнинг аҳоли учун қулайлиги ва сифатини ошириш зарур. Хусусан, 2025 йилда бирламчи бўғинда 3 миллион 700 минг нафар аёлни скринингдан ўтказиш, бу жараённи рақамлаштириш орқали саратон касалини эрта аниқлаш кўрсаткичини 85 фоизга етказиш мумкинлиги таъкидланди", дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Давлат тиббий суғуртаси ва аҳолига “кафолатланган пакет” асосида тиббий ёрдам кўрсатиш тизими келгуси уч йилда барча шаҳар, туман ва қишлоқлар қамраб олинади.
Бундан ташқари, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш каби масалалар бўйича ҳукумат алоҳида дастурлар ишлаб чиқиши лозимлиги айтилди.