platina.uz

Абдулла Арипов бош вазир лавозимига тасдиқланди

Янги ҳукумат келгуси 5 йилга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини тақдим этди.

Сиёсат
20 ноябрь, 13:36
Абдулла Арипов бош вазир лавозимига тасдиқланди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Абдулла Арипов номзоди бош вазирликка тасдиқланди. Мажлисда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

“Абдулла Арипов катта ташкилотчилик салоҳиятига эга бўлган, ижро ҳокимияти тизимида бой билим ва тажриба орттирган, масъулиятни доимо чуқур ҳис этадиган раҳбар”, деди президент

Давлат раҳбари ўз нутқида мутлақо янги ваколат ва вазифаларга эга бўлган ҳукумат шаклланаётганини қайд этди.

"Буни Конституция даражасида биринчи марта камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги, инвестиция, экология каби муҳим йўналишларда Вазирлар Маҳкамасининг мажбуриятлари белгилаб қўйилгани ҳам тасдиқлайди. Халқимиз бугун ана шундай ҳал қилувчи масалалар бўйича янги ҳукуматдан аниқ натижаларни кутмоқда", деди президент.

Қайд этилишича, ўтган даврда Ўзбекистон иқтисодиёти 2 карра ўсиб, 100 миллиард долларлик тарихий маррадан ошди. Аҳоли жон бошига даромад 3 минг долларга етиши кутилмоқда (2018 йилда – 1 минг 600 доллар бўлган).

Хусусан, Жаҳон банки 2024 йилда Ўзбекистон Европа ва Марказий Осиёда иқтисодиёти энг тез ўсаётган 3 та давлат қаторидан жой олганини эътироф этди. Камбағаллик даражаси сўнгги 4 йилда 23 фоиздан 11 фоизга тушди. Бу йил 9 фоизга тушиши кутилмоқда.

Экспорт қарийб 2 баробар ўсиб, илк бор 25 миллиард доллардан, олтин-валюта захираларимиз эса 40 миллиард доллардан ошди. Ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 6 карра кўпайиб, бунинг ҳисобига 1,5 миллионта юқори даромадли иш ўринлари яратилди. Ялпи ички маҳсулотда инвестициялар улуши 30 фоиз даражасида таъминланди.

Давлат раҳбари ҳукумат фаолиятининг энг муҳим йўналишларини белгилаб берди.

Аввало, макроиқтисодий мувозанатни сақлаб, келгуси беш йилда иқтисодий ўсиш суръатини 6-7 фоиз атрофида таъминлаш зарур. Бунда инфляция даражаси 5-6 фоиз, бюджет тақчиллиги 3 фоиз доирасида бўлишига эришиш, йиллик кредитлаш ҳажмини 30 миллиард долларга олиб чиқиш асосий вазифа бўлади.

Ушбу даврда ҳукумат камида 100 миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштиришга ҳамда йиллик экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга олиб чиқиб, унда тайёр маҳсулотлар улушини 50 фоизга етказишга эришиши лозим.

Шу билан бирга норасмий иқтисодиётни “соядан чиқариш”да рақамли технологияларни таянч воситага айлантириш лозим. Хусусан, келгуси йилда нақд пулсиз ҳисоб-китобларни янада рағбатлантириб, онлайн тўловлар улушини 60 фоизга етказиш муҳим вазифа бўлади.

Жаҳон савдо ташкилоти билан ҳамкорлик доирасида асосий чора-тадбирлар амалга оширилгани ва яқин йилларда ушбу ташкилотга албатта аъзо бўлиб киришимиз таъкидланди.

2025 йилда 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш Вазирлар Маҳкамаси иқтисодий комплексининг асосий вазифаси этиб белгиланади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+