Сирдарёда 5 млрд сўмлик табиий газ ўғирлангани аниқланди
Прокуратура департаменти ва “Ўзэнергоинспекция” Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси текширув ўтказди.
Сирдарё вилоятида 5 млрд 25 млн сўмлик табиий газни ўғирлаган цех аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиер шаҳри бўлими томонидан “Ўзэнергоинспекция” Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилган.
Унда “Y.Z.” МЧЖ масъул шахслари “А.Жомий” МФЙ ҳудудидидаги ишлаб чиқариш цехида умумий фойдаланишдаги табиий газ тармоғига ҳисоблагич приборларидан ташқари яширинча уланиб, давлат ва жамият манфаатларига 5 млрд 25 млн сўм зарар етказганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.