platina.uz

Андижондаги Бобур ҳайкалини учинчи марта кўчиришмоқчи

Вилоят ҳокимлигига кўра, ҳайкални кўчириш учун илмий кенгаш вакиллари, бобуршунослар ва оқсоқоллар рухсат берган.

Жамият
19 ноябрь 2024 йил
Андижондаги Бобур ҳайкалини учинчи марта кўчиришмоқчи

Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали мустақил Ўзбекистон даврида учинчи марта бошқа жойга кўчирилиши кутиляпти.

"Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор лойиҳасининг 16-бандида шундай таклиф бор:

"Захириддин Муҳаммад Бобур ҳайкалини Андижон шаҳридаги "Регистон" майдонига кўчириш, бунинг ҳисобига бўшайдиган 1,2 гектар ер участкасида 2 та 20 ва 16 қаватли турар-жой мажмуаси барпо этилиши ва 90 млн доллар миқдорида инвестиция киритилиши кўзда тутилган".

Шунингдек, вилоят ҳокимлиги таклифи билан Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг 10,7 гектар қисмида Andijon city ишбилармонлик маркази, 19 та 18 қаватли ва 7 та 28 қаватдан юқори турар-жой ва хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилади.

Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати Бобур ҳайкали кўчирилишига муносабат берди. Уларнинг изоҳига кўра, Бобур хотирасига атаб барпо этилган майдон янги қурилаётган кўприк яқинида жойлашган бўлиб, лойиҳа қурилиши якунлангач, ушбу майдон анчайин ёпиқ кўринишга келиб, майдоннинг бир қисми кўприк остида қолади.

Қайд этилишича, илмий кенгаш вакиллари, бобуршунослар ҳамда Андижон оқсоқоллари бошчилигида ушбу мавзу муҳокама этилиб, керакли хулоса ясалган. Аммо Навоий боғидаги қурилишга изоҳ берилмаган.

Эслатиб ўтиш керак, Бобур ҳайкали аввал вилоят ҳокимлиги биносида ёнида жойлашган эди. Кейинчалик Пушкин майдони яқинига кўчирилган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+