2025 йилги давлат бюджети лойиҳаси муҳокамаси бошланди
Бюджет харажатларининг 52 фоизи ижтимоий харажатларга тўғри келиши кутиляпти. 2025 йил якунига қадар эса 4,3 млн нафар пенсия олувчиларга ўртача пенсия миқдори 1 645,2 минг сўмни ташкил этади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2025 йилги давлат бюджети лойиҳаси муҳокамаси бошланди.
2024 йил 14 ноябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишлаб йиғилиш ўтказилган.
Ижтимоий ҳимояга ажратилаётган маблағларнинг манзиллилигини кучайтириш ва самарадорлигини таъминлаш, буджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни ҳар йилги инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорларда ошириб борилиши халқ вакиллари томонидан ижобий баҳоланди.
Шунингдек, Давлат бюджети лойиҳасида кам таъминланган оилаларга "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" орқали тўланадиган нафақалар бўйича амалдаги мезонларини такомиллаштириш ва нафақаларнинг манзиллилигини оширишга доир ишларни давом эттириш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга, Пенсия жамғармасига пенсия ва бошқа тўловларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминлаш мақсадида жамғарманинг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги салбий тафовутни (етишмовчиликни) қоплаш учун давлат бюджетидан 18,5 трлн сўм трансферт маблағлари йўналтирилиши кўзда тутилган.
2025 йил якунига қадар эса 4,3 млн нафар пенсия олувчиларга ўртача пенсия миқдори 1 645,2 минг сўмни ташкил этиши кутилмоқда.