Қонунчилик палатаси давлат бюджети тўғрисидаги қонунни иккинчи ўқишда маъқуллади
"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги мамлакатда экологик вазиятни яхшилаш учун унга 100 млрд сўм ажратилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида "2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида"ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилиб, маъқулланди.
"Миллий тикланиш" демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан берилган таклифларга кўра "Тирик тарих" фильмлар туркумини яратиш учун қўшимча 40 млрд. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.
"Адолат" СДП фракцияси аъзолари томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институти моддий-техника базасини яхшилаш бўйича берган таклифлари асосли деб топилиб, қўшимча 3,1 млрд.сўм маблағ ажратилади.
ХДП таклифига кўра эса Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Миллий малака тизимини ривожлантириш институтини ташкил этиш харажатлари учун қўшимча 10,6 млрд. сўм маблағ ажратилиши белгиланди.
Экологик партияси фракцияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасидаги мамлакатда экологик вазиятни яхшилаш, трансчегаравий гармсел шамоллари ва чанг-қум бўронларининг атроф-муҳитга зарарли таъсирларининг олдини олиш бўйича билдирган таклифи қаноатлантирилди.
Ушбу лойиҳа учун қўшимча 100 млрд. сўм маблағ ажратилмоқда.
Бундан ташқари, фракция аъзоларининг таклифига кўра, Қорақалпоғистонда ўрмончилик соҳаси илмий-тажриба станциясини ташқил этиш харажатлар учун қўшимча 9,5 млрд.сўм маблағлар берилади.
ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари билдирган таклифига мувофиқ оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва ёрдам кўрсатиш учун Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондига қўшимча 35,5 млрд. сўм сарфланади.