Тадбиркор ҳоким ёрдамчиси билан тил бириктириб, ажратилган субсидияни талон-торож қилгани аниқланди
У ишлаб чиқариш кооперативи эҳтиёжи учун маблағ олиб, пулни бошқа мақсадда сарфлаб борган.
Қорақалпоғистонда ҳоким ёрдамчиси билан тил бириктириб, давлат томонидан ажратилган судсидияни ўзлаштириб юборган тадбиркорга нисбатан ҳукм ўқилди. Суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, тадбиркор ХХ. Қонликўл тумани, "Маданият" МФЙ ҳоким ёрдамчиси билан тил бириктирган. У KON OUTLET ишлаб чиқариш кооперативини ташкил қилиб, 13 нафар ишсиз хотин-қизларни жалб этган. Уларнинг ҳар бирига 4 млн сўмдан жами 52 млн субсидия ажратиб олишга эришган.
Лекин ХХ мазкур маблағни ишлаб чиқаришга йўналтирмай ўзига тегишли ASHAA OUTLET МЧЖ ҳисобига моддий ёрдам сифатида ўтказиб, эҳтиёжлари учун ишлатиб юбориб, талон-торож қилган.
Судда ХХ.нинг айби ўзининг иқрорлиги ва бошқа далиллар билан ҳам тасдиқланди.
Якуний суд ҳукмига кўра унга нисбатан ЖКнинг 57-моддасига асосан БҲМнинг 300 баравари (10,2 млн сўм) жарима жазоси тайинланди.
Жарима давлат фойдасига ундирилиши белгиланган. Иш юзасидан етказилган зарарлар ҳам судланувчи томонидан қопланган.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.