Президент тадбиркорлар кўтарган масалалар асосида янги ташаббусларни эълон қилди
Энди бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратилади. Янги тадбиркорлар учун “Бизнес старт”, ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар учун “Бизнес лифт”, янги ўсиш босқичига ўтаётганлар учун “Бизнес юксалиш” дастурлари жорий этилади.

Иқтисодиёт ўсишига катта туртки берадиган йирик лойиҳалар ҳам амалга оширилмоқда.
Жиззахда атом электр станцияси, Олмалиқда тўртинчи мис бойитиш фабрикаси, “Тошкент – Самарқанд” ва “Тошкент – Андижон” замонавий автомобил йўллари шулар жумласидан.
Хоразмда экологик авиаёқилғи мажмуаси, Сурхондарёда 940 гектарлик замонавий иссиқхона, Юқори Чирчиқда Янги Тошкент аэропорти қурилмоқда. Бу йил қиймати 27 миллиард доллар бўлган 105 та янги саноат ва инфратузилма лойиҳаси бошланади.
Барча ҳудудларда жами 3 миллион аҳоли учун янги массивлар барпо этилмоқда. Бундай лойиҳаларда ўз маҳсулоти ва хизмати билан иштирок этмоқчи бўлган маҳаллий тадбиркорларга хорижий инвесторлар билан тенг шароит яратилади.
Транспорт-логистика соҳасида юк машиналарини импорт қилишда бож ва утилизация йиғими бекор қилинди. Халқаро ташувлар учун вагон тақдим этишда қўшилган қиймат солиғи “нол” ставкага туширилади.
Келаси йил Грузиянинг Поти портида қуввати 500 минг тонна бўлган логистика маркази ишга туширилади, Анаклия порти бўйича ҳам амалий ишлар бошланади. Олот, Термиз, Янгийўл, Оҳангарон ва Хонободда йирик транспорт-логистика марказлари ташкил этилади.
Келгуси йилда Тошкент халқаро молия маркази ҳамда “Enterprise Uzbekistan” халқаро рақамли технологиялар маркази ишга туширилади. Улар 20-25 миллиард доллар капитал, янги билим ва технологияларни жалб этиш имконини яратади.
Президент тадбиркорлар кўтарган масалалар асосида янги ташаббусларни эълон қилди. Биринчи йўналиш – тадбиркорлик учун барқарор ўсиш траекториясини таъминлаш.
Банклар кредит портфелида кичик бизнес улуши 45 фоиздан 63 фоизга ошди. Биринчи ярим йилликнинг ўзида кичик ва ўрта бизнесга 76,5 триллион сўм ресурс ажратилди.
Яқинда “кредит хизматлари ягона рақамли портали” ишга тушди. Тадбиркор битта ариза беради, банклар эса мижоз учун рақобат қилади, бизнесни энди бошлаётганлар 5 миллиард сўмгача кредитнии онлайн расмийлаштириши мумкин бўлади.
Энди бизнеснинг ҳар бир босқичига мос яхлит экотизим яратилади. Янги тадбиркорлар учун “Бизнес старт”, ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар учун “Бизнес лифт”, янги ўсиш босқичига ўтаётганлар учун “Бизнес юксалиш” дастурлари жорий этилади.
“Бизнес старт” доирасида тадбиркорлар сунъий интеллект ёрдамида лойиҳа, кредит ҳужжатлари ва ҳисобот юритишни ўрганади. Бу мақсадга 100 миллиард сўм ажратилиб, тайёр бизнес-режа ва 200 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.
– Тадбиркорга кредит бериш эмас, уни биринчи қадамидан катта бизнесга айлангунича бошидан охиригача қўллаб-қувватлайдиган комплекс тизим яратамиз, – деди давлатимиз раҳбари.
Кичик тадбиркорлар учун энг катта масалалардан бири – гаров таъминоти. Шу боис, бизнеснинг ҳақиқий қийматини баҳолаб кредит бериш имконини яратадиган “контр-кафолат” тизими жорий этилади.
10 миллиард сўмгача кредитда гаровнинг 30 фоизини давлат, 30 фоизини Бизнесни кафолатлаш компанияси, 15 фоизини банклар ўз зиммасига олади. Тадбиркорнинг ўзига 25 фоиз гаров топиш кифоя қилади.
“Виртуал солиқ маслаҳатчиси” орқали тадбиркорга харажат ва хатоларни камайтиришга ёрдам берадиган сунъий интеллект портали ишга туширилди. Келаси йилдан бундай “сунъий интеллект ёрдамчилари” қурилиш, меҳнат муносабатлари, ташқи савдо ва давлат хизматларида ҳам жорий этилади.
Иккинчи йўналиш – ҳудудларда “бизнес имкониятлари”ни ошириш. Давлатимиз раҳбари минглаб гектар бўш ер ва самарасиз фойдаланилаётган давлат активлари фақат лойиҳага айланиб, иш ўрни ва экспортга хизмат қилганда ҳақиқий қиймат яратишини таъкидлади.
Давлат активини сотиб олишда аванс 30 фоиздан 15 фоизга туширилади, ольти ойда тўлиқ тўлов қилганларга 25 фоиз чегирма берилади. Сумманинг ярмини тўлаган тадбиркор қолганини 7 йилда фоизсиз бўлиб тўлаши мумкин бўлади.
Уч ойда сотилмаган давлат мулкининг бошланғич нархи босқичма-босқич 10 фоизгача камайтирилади. Аукцион муддати ҳам икки баробар қисқартирилади.
