platina.uz

Қўқонда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари 12 йилгача қамалди

“Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилотининг 11 нафар тарафдорлари чойхоналарда “шанбалик ошлар” ниқоби остида йиғинлар ташкил этиб, экстремистик руҳдаги маърузаларни эшитиб келишган.  

Жамият
7 ноябрь, 10:01
Қўқонда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари 12 йилгача қамалди

Қўқонда “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти тарафдорлари озодликдан маҳрум этилди.

ДХХ ходимлари томонидан тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган. Унда Қўқон шаҳрида фаолият олиб борган “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти тарафдорларидан иборат жамоат фош этилди.

Жамоатнинг 11 нафар аъзоси Қўқон шаҳри ҳамда Ўзбекистон туманида яшовчи, 1980-2000 йиллар оралиғида туғилган фуқаролар бўлиб, улар орасида фармацевтика соҳасида фаолият юритувчи масъулияти чекланган жамиятда менеджер, газ қуйиш шохобчасида бош механик бўлиб ишлаган, шунингдек, хусусий тадбиркорлик, ошпазлик, устачилик, киракашлик билан шуғулланган шахслар бор.

2021-2023 йиллар давомида ноқонуний гуруҳ аъзолари Қўқон шаҳрида жойлашган чойхоналарда “шанбалик ошлар” ниқоби остида йиғинлар ташкил этиб, унда Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий, Яхё Туркистоний ва бошқаларнинг жиҳод ҳамда шаҳидликка, ислом давлати қуришга чорловчи, диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларини эшитишлари натижасида динга мутаассибларча берилиб, экстремистик ғояларни қўллаб-қувватлаб келишган.

Шунингдек, мамлакатда амалда бўлган давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга ва “Ҳалифалик” давлати қуришга қаратилган ғояларни ўзаро муҳокама қилишган.

Энг ачинарлиси, жамоат аъзоларининг айримлари Сурияга ҳижрат қилиш масаласини ҳам муҳокама қилишган.

Бундан ташқари, улардан 2 нафари ўзаро тил бириктириб, ҳозирда Суриядаги “Тавҳид ва жиҳод катибаси” халқаро террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этиб келаётган қўқонлик Жасур исмли шахсга моддий ёрдам бериш мақсадида 2023 йилнинг июль ва август ойларида жами 3000 АҚШ доллари миқдорида пул маблағи юборишган.

Жамоат аъзолари ўз сафларини кенгайтириш учун йиғинларга бошқа фуқароларни ҳам жалб қилиб, уларнинг онгига экстремистик ғояларни сингдиришган.

“Телеграм” мессенжерида ташкил этилган гуруҳда ўзаро маълумотлар алмашиниб, навбатдаги йиғин вақти ва жойи эълон қилиб борилган.

Шунингдек, улар ҳар 15 кун, 1 ой ичида нима ишларни амалга оширганликлари бўйича гуруҳ етакчисига ҳисобот беришган.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг ҳукмига кўра, мазкур ноқонуний гуруҳ аъзолари тегишлилиги бўйича Жиноят Кодексининг 155-3, 159, 244-1 ва 244-2-моддалари билан айбли деб топилиб, уларга нисбатан 6 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+