Камала Харрис сайловдаги мағлубиятини тан олди
Президент Жо Байден ҳам Трампни табриклаб, уни Оқ Уйга таклиф этган.
Демократик партиядан номзод Камала Харрис АҚШ президентлик сайловларида мағлуб бўлганидан кейин нутқ сўзлади.
Харрис президент Жо Байден, унинг сайловолди гуруҳи ва унга овоз берганларга миннатдорчилик билдирди. Унинг қўшимча қилишича, сайлов натижалари унинг кутганларини оқламаган.
"Биз бу сайлов натижаларини қабул қилишимиз керак. Бугун эрталаб мен Трамп билан гаплашдим ва уни ғалабаси билан табрикладим. Мен унга ва унинг жамоасига ҳокимиятни ўтказишда ёрдам беришимизни ва бу ўтишни тинч йўл билан амалга оширишимизни айтдим", деди Харрис.
" Мен сайловдаги мағлубиятни қабул қиламан, аммо бу кампанияга туртки бўлган курашдаги мағлубиятни қабул қилмайман", - дея қўшимча қилди Харрис.
АҚШ президенти Жо Байден Трампни президентлик сайловидаги ғалабаси билан табриклади ва уни Оқ уйга таклиф қилди.
Оқ уйнинг маълум қилишича, президентлик муддатини якунлаётган Жо Байден Доналд Трампни президентлик қароргоҳига таклиф қилган.