Прокуратура Алишер Усмоновга оид терговни тўхтатди
Франкфурт бош прокуратураси Усмоновни 2017-2022 йиллар оралиғида миллионлаб евролик даромаднинг келиб чиқишини яширишда айблаган.
Франкфурт-на-Майн бош прокуратураси россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан жиноий пул ювиш бўйича терговни тўхтатди. Бу ҳақда миллиардернинг адвокатлари маълумот берган.
Франкфурт прокурорлари терговга оид қолган саволларни федерал прокурорларга топширдилар, улар эса ҳали изоҳ бермади.
"Биз ҳар доим мижозимизнинг айбсизлигини таъкидлаб келганмиз", деди адвокатлар Уве Лембрук, доктор Маркус Гоценс. Улар бу қарорни Усмонов обрўсини ҳимоя қилиш учун муҳим қадам деб атади.
Адвокатларнинг сўзларига кўра, икки йил давомида тергов тадбиркорга қарши далил тўплай олмаган.
2022 йил сентябрида Усмоновнинг Бавариядаги вилласида тинтувлар ўтказилди. Франкфурт бош прокуратураси у 2017-2022 йиллар оралиғида миллионлаб евро даромад келиб чиқишини яшириш учун "компаниялар ва корпорацияларнинг кенг ва мураккаб тармоғидан" фойдаланганликда гумонланаётганини айтди. Кейинроқ суд тинтувларни ноқонуний деб топди ва олиб қўйилган барча ашёларни қайтариб беришга қарор қилди.