platina.uz

ДХХ бир қатор наркокурьерларни қўлга туширди

Қонунбузарларга Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Жамият
2 ноябрь, 14:49
ДХХ бир қатор наркокурьерларни қўлга туширди

Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари божхона ҳамда ички ишлар органлари билан ҳамкорликда бир нечта тезкор тадбирларда наркокурьерларни қўлга олдилар.

Жумладан, тожикистонлик наркокурьерлар томонидан айланма йўллар орқали олиб келиниб, Қуйичирчиқ туманидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 1 кг 834 гр "гашиш" моддасини қабул қилиб олган вақтларида 2 фуқаро ашёвий далиллар билан ушланди.

Бошқа ҳолатда эса "Сурхондарё-Тошкент" йўналишида ҳаракатланаётган "Нексия" автомашинаси Ўртачирчиқ тумани ҳудудида муқаддам судланган шахс 1 кг "гашиш" моддаси яшириб қўйилганлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Аниқланишича, улар Тожикистондан келтирилган ажал оғусини Сурхондарёда қабул қилиб олишган ва уни сотиб мўмай даромад топишни режалаштиришган.

Навбатдаги ҳолатда Денов ҳамда Сариосиё туманларида яшовчи 3 фуқаро 985 гр "гашиш" моддасини "Нексия" машинасида Тошкент шаҳрига олиб кетаётган вақтларида Зангиота туманида тўхтатиб қолинди.

Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 3 нафар фуқаро Қўқон шаҳрига бориб, ҳозирда шахсига аниқлик киритилаётган наркосавдогардан 168 гр "гашиш" ҳамда 722 дона "Регапен" кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 43 млн сўмга сотиб олиб, уйига қайтиб келаётган вақтларида қўлга олинди. Аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситалари Қирғизистондан олиб келинган.

Яна бир ҳолатда эса "Фарғона-Тошкент" йўналишида ҳаракатланаётган "Ласетти" автомашинаси Оҳангарон шаҳри ҳудудида 2 нафар йўловчига тегишли 826 дона "Регапен" кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Маълум бўлишича, улар Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали олиб келинган ушбу дори воситаларини Қўқон шаҳрида яшовчи фуқародан 22 млн 500 минг сўмга сотиб олишган.

Ҳозирда барча ҳолатлар бўйича қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+