Президент Ўзбекистон қаҳрамони вафоти муносабати билан таъзия билдирди
Тажрибали фермер ўнлаб иқтидорли шогирдлар тайёрлаб, қишлоқ хўжалиги соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш борасида ибрат намунасини кўрсатган.
Шавкат Мирзиёев бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини қишлоқ хўжалиги ривожига бағишлаган таниқли фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
"Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг етук намояндаси, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Аҳмад Нарзуллаевнинг ёрқин хотираси қалбимизда ҳамиша сақланиб қолади", дейилади таъзияномада.
Эслатиб ўтиш керак, таниқли фермер бугун 68 ёшида вафот этганди.
А.Нарзуллаев 1956 йили Денов туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини тумандаги “Сурхонозиқовқатсаноати” акциядорлик жамиятида бошлаган. Кейинчалик Тошкент политехника институтини тамомлаб, “Шарғун” ғишт заводида, Денов туманидаги 37-механизациялашган кўчма колонна ва экспериментал ишлаб чиқариш бирлашмасида турли вазифаларда ишлаган. 1991 йилдан “Лочин” фермер хўжалиги раҳбари сифатида фидокорона меҳнат қилган.
А.Нарзуллаев 50 йилдан зиёд давом этган иш фаолияти мобайнида бой билим ва ҳаётий тажрибасини, куч-ғайратини эл-юрт ишига бағишлаган. У кўп йиллар Сурхондарё вилояти ва Денов тумани халқ депутатлари кенгашларининг аъзоси сифатида ушбу ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва юксалтириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, таълим, тиббиёт, маданият масканлари қуриш ва обод қилиш, янги боғ ва хиёбонлар барпо этиш, ёшларни она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатган.
Тажрибали фермер ўнлаб иқтидорли шогирдлар тайёрлаб, қишлоқ хўжалиги соҳасини малакали кадрлар билан таъминлаш борасида ҳам ибрат намунасини кўрсатган.
Аҳмад Нарзуллаев “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган эди.