Грузия сайловлари: амалдаги ҳукмрон партия ғолиб бўлди, мухолифат ва президент натижаларни тан олмади
Мамлакат президенти Саломе Зурабишвили ҳукмрон Грузия орзуси партиясини сайловларни сохталаштиришда айблади ва аҳолини намойишларга чиқишга чақирди.
Грузияда 26 октябр куни бўлиб ўтган парламент сайловларида амалда ҳукмрон бўлган "Грузия" орзуси партияси ғалаба қозонди. Улар сайловда қарийб 54 фоиз овоз тўплади.
"Мен бу сайловларни тан олмайман. Бу сайловни тан олиш мумкин эмас", деди у якшанба оқшомидаги брифингда. "Бу Россиянинг бу ерга келиши, Грузиянинг Россияга бўйсунишини тан олиш билан бир хил".
Зурабишвилининг фикрича, овоз бериш натижалари "Грузия орзуси" фойдасига "бутунлай сохталаштирилган". Шунинг учун у фуқароларни душанба куни кечқурун бўлиб ўтадиган норозилик намойишларида иштирок этишга чақирди.
"Биз Россия махсус операциясининг гувоҳи ва қурбони бўлдик", деб хулоса қилди Зурабишвили.
Деярли барча овозларни қайта ишлаган Грузия Марказий сайлов комиссияси сайлов натижаларини эълон қилади, бунда ҳукмрон "Грузия орзуси" 54 фоиз овоз олган.
Мухолифат бунга қўшилмайди, уларнинг экзит-полллари "Орзу"ни 40-42 фоиз қўллаб-қувватлаганини кўрсатди. Бу дегани, мухолифат ҳукмрон партиядан кўра жами кўпроқ овоз олиши ва парламентда коалиция кўпчиликни ташкил этиши мумкин эди.
Ҳозир мухолифат сайловлар "ўғирланган"лигига ишонч билдирмоқда.
"Грузия орзуси" мамлакатда кремлпараст партия сифатида кўрилади. Ушбу партия ташаббуси билан мамлакат хорижий агентлар ва бошқа бир қатор қонунлар қабул қилинди. Мазкур ҳаракатлар Грузия ва Ғарб муносабатларини чигаллаштирди. Европа Иттифоқига кириш учун номзод давлат мақомини олган Грузия учун музокаралар амалда тўхтаб қолди.