Энг оғир аҳволдаги маҳаллалар учун 3,2 трлн сўм ажратилади
"Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури чора-тадбирлари доирасида 2025 йил 1 январдан бошлаб камбағал оилалар фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли асосда қабул қилинади.
Ўзбекистон Президентининг "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори эълон қилинди.
Унга кўра, Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг таклифига асосан энг оғир аҳволдаги 1 000 та маҳаллани танлаб, рўйхатини шакллантирсин ҳамда уларнинг инфратузилмасини яхшилаш дастурини 1 ноябрга қадар тасдиқлайди. Бунда 2024-2025 йилларда мазкур маҳаллаларда томорқа ерларини суғоришни яхшилаш ёки уларда электр энергияси барқарор етказиб берилишини таъминлаш, интернет сифатини ошириш, ички йўлларни таъмирлаш ва бошқа инфратузилмани яхшилаш мақсадлари учун жами 3,2 триллион сўм маблағлар ажратилади.
Ўн кун муддатда ҳар бир туман ва шаҳарнинг ихтисослашувидан келиб чиқиб, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида тадбиркорликнинг ривожланишига туртки берувчи 5 тадан "драйвер" лойиҳалар рўйхатини тасдиқланади ва уларга зарур инфратузилмани яратиш учун Давлат бюджетидан 2024-2025 йилларда 1 триллион сўм маблағ ажратилади.
Камбағал оилалар бандлигини таъминлаган тадбиркорлар учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, "Бизнесга биринчи қадам" дастурлари ҳамда микромолия ташкилотлари орқали жорий йил якунигача 4 триллион сўм, 2025 йилда 15 триллион сўм кредитлар ажратилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2024 йил 1 ноябрга қадар олий таълим муассасаларига давлат гранти бўйича қабул квотасини босқичма-босқич ошириш ҳамда камбағал оилаларнинг билимли ва иқтидорли фарзандлари таълим олишлари учун имкониятларни кенгайтиришни назарда тутувчи қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.
2025 йил 1 январдан бошлаб камбағал оилалар фарзандлари давлат мактабгача таълим ташкилотларига имтиёзли асосда қабул қилинади. 2025 йилдан бошлаб "Эл-юрт умиди" жамғармаси томонидан камбағал оилаларнинг фарзандлари учун алоҳида квоталар ажратилади.
Жамоат ишлари жамғармаси, Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармаси негизида юридик шахс мақомига эга бўлган Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси тузилади.