Исроил Ливандаги шифохона остида ярим миллиард долларлик олтин ва пуллар топилганини маълум қилди
Бу пуллар "Ҳизбуллоҳ"га тегишли, дейилади Исроил кучлари хабарида. Шифохона маъмурияти мазкур хабарни инкор этди.
Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) Байрутда Саҳел шифохонаси остидан "Ҳизбуллоҳ" бункерини топди, у ерда гуруҳнинг 500 миллион доллар маблағи сақлангани айтилмоқда. Бу ҳақда The Times of Israel хабар берди.
"Бункер атайлаб шифохона остига қурилган. Унда ярим миллиард доллардан ортиқ банкнот ва олтин бор", - дейди Исроил армияси вакили Даниэл Хагарий.
Унинг сўзларига кўра, гап" Ҳизбуллоҳ" марҳум етакчиси Ҳасан Насруллоҳга тегишли бўлган иншоотлардан бири ҳақида кетмоқда. Вакилнинг қайд этишича, Исроил ҳаво кучлари ҳудудни кузатишда давом этмоқда ва Исроил "Ҳизбуллоҳ"нинг молиявий операцияларига аралашишда давом этади.
Аввалроқ Исроил Ливандаги Қард ал-Ҳасан ташкилоти билан боғлиқ инфратузилмага ҳужум қилган, у Исроил иддаоларига кўра, Ҳизбуллоҳни молиялашда иштирок этган.
1983 йилда ташкил этилган Қард ал-Ҳасан уюшмаси нотижорат молиявий институт ҳисобланади. Исроилнинг айтишича," Ҳизбуллоҳ" ташкилотдан ўз жангчиларига пул тўлаш ва санкциялардан қочишда фойдаланади.
Саҳел шифохонаси раҳбарияти эса мазкур баёнотни инкор этди.
"Шифохона даволаш ишларини амалга оширади, бу ерда бункер ҳам, туннеллар ҳам йўқ", дейилади хабарда.