Президент пойтахт дренаж тизими ишига қатъий эътироз билдирди
Куни кеча бўлган кучли ёмғир Тошкентдаги ҳақиқий аҳволни кўрсатган. Шаҳар ҳокимлигига йил якунигача мастер-режа қилиб, дренаж тизимини сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Президент давом этаётган йиғилишда Тошкент шаҳридаги ҳолатга алоҳида тўхталди.
Пойтахтнинг дренаж тизими ишига қатъий эътироз билдирилди, куни кеча бўлган кучли ёмғир ҳақиқий аҳволни кўрсатгани қайд этилди.
Дренажни тўғирлашни ўзи етарли эмаслиги, сувни ҳавзаларда тўплаш тизимини қилиб, дарахтларни суғоришга ишлатиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Умуман, пойтахтдаги туман ҳокимлари жойига чиқиб, дренаж, яшиллик, ободонлаштириш каби масалаларни тепасида туриб ўзи ҳал қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Бундан ташқари, пойтахтда дарахтларнинг касалланиши ҳам кўпайгани қайд этилди.
Шаҳар ҳокимлигига йил якунигача мастер-режа қилиб, дренаж тизимини сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Президент кейинги йилда “Яшил макон” дастури учун 100 миллиард сўм ажратилишини эълон қилди.
Эндиликда дарахтларни 3 йил парваришлаш, касалликдан сақлаш, суғориш харажатлари ҳам инвестиция дастурига киритилади.
Суғориш тизими бўйича 2 та тажриба амалга оширилади. Хусусан, 27 та туманда суғориш тизими яратиш учун 1 тадан қудуқ қазишга рухсат берилади. Ғаллаорол туманидаги тоғларда қор-ёмғир сувини йиғувчи 10 та гео-мембрана ўрнатилиб, дарахтларни суғориш тизими яратилади. Баҳорда 14 та туманнинг тоғ ва адир қияликларида қават-қават қилиб, терраса усулида 500 гектарда дарахт экиш бошланади.
Вилоят ҳокимликларига “Менинг боғим” лойиҳаси бўйича яшил боғ яратишга камида 1 гектар, яшил жамоат парки учун ярим гектардан ер ажратиш топширилди.
Бу майдонлар экиш мавсумигача “Очиқ бюджет” порталига қўйилиб, дарахт турлари бўйича тавсия ва уларнинг нархи кўрсатилади. Бунда, парваришлашда масъулиятсизлик қилган шахсларни мобил илова орқали огоҳлантириш тизими йўлга қўйилади.
Ҳокимларга барча ободонлаштириш бўлимларини 20 тадан суғориш мини-техникаси билан таъминлаш топширилди.