Умрага лицензия талабгори Дин қўмитаси жамғармасига камида 1 млн доллар тўлаши керак
Қўмита 2024 йил 15 октябрдан 28 октябрга қадар тадбиркорлик субъектларидан лицензия учун аризаларни қабул қилади.
Умрага лицензия талабгори Дин қўмитаси жамғармасига камида 1 млн доллар тўлаши керак бўлади. Дин ишлари бўйича қўмита лицензия олишда керак бўладиган ҳужжатлар рўйхатини эълон қилди.
Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисидаги 668-сон Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинган. Дин ишлари бўйича қўмита мазкур соҳадаги лицензияловчи ваколатли орган этиб белгиланган.
Лицензия Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти учун якка тартибдаги лицензия сифатида юридик шахсларга тақдим этилади.
Лицензияни олиш учун тақдим қилинадиган ҳужжатлар:
Ариза. Аризада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
- юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган ери (почта манзили), фаолиятни амалга ошириш жойининг манзили, СТИР, банк муассасасининг номи ва банк ҳисобварағи, лицензия талабгорининг лицензия талаблари ва шартларига риоя қилишга розилиги;
- тадбиркорлик субъекти раҳбари ва ходимларининг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, манзили, паспорт (идентификацияловчи ID-карта) маълумотлари;
-лицензия талабгори томонидан Дин ишлари бўйича қўмитанинг "Зиёрат" жамғармасига 1 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдордаги маблағларни тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
-Умра тадбирлари давомида зиёратчиларга гуруҳ раҳбари этиб диний билим ва кўникмаларга эга мутахассисни жалб қилиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузилган шартнома нусхаси;
-Умра хизматлари кўрсатиш бўйича Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлигининг Умра лицензиясига эга бўлган ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартнома нусхаси;
-зиёратчиларни ташиш ва парвозларни амалга ошириш бўйича авиакомпания(лар) тузилган ҳамкорлик шартномаси нусхаси;
-тадбиркорлик субъектининг зиёратчиларга сифатли хизмат кўрсатиши учун замонавий жиҳозланган бинода фаолият юритиши тўғрисидаги маълумот;
-тадбиркорлик субъектининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталашни тасдиқловчи суғурта полисининг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси.
Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим миқдори - базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараварини ташкил этади.
Лицензия берилганлиги учун давлат божи миқдори - базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари.
Дин ишлари бўйича қўмита 2024 йил 15 октябрдан 28 октябрга қадар тадбиркорлик субъектларидан лицензия учун аризаларни қабул қилади.
Эслатиб ўтамиз, эски лицензия билан Умра тадбирларини амалга ошириш 5 октябрда тўхтатилганди.