ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар Исроил томонидан ўлдирилди
Синвар ҳаётининг кўп қисмини, 1988 йилдан 2011 йилгача даврни Исроил қамоқхоналарида ўтказган.
Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи раҳбари Яҳё Синвар Ғазо секторида ўлдирилганини тасдиқлади.
Аввал Исроил ҳарбийлари 17 октябр куни унинг эҳтимолий ўлими ҳақида гапирган эди.
Исроил полицияси ва ҳарбий амалдорлари қўшма баёнотда "ҳозирда тўлиқ тасдиқлаш учун зарур бўлган турли тадқиқотлар олиб борилаётганини" айтди. "Полиция суд-тиббиёт лабораторияси тиш тасвирларини олди ва ДНК текшируви ҳам ўтказилмоқда", - дейилади Reuters хабарида.
Исроил расмийларида Синварнинг ДНК намуналари бор, чунки у кўп йиллар Исроил қамоқхоналарида ўтирган.
Исроил ҳарбий радиосининг хабар беришича, Синвар Ғазо жанубидаги Рафаҳ шаҳридаги амалиётда ўлдирилган бўлиши мумкин.
Исроилликлар Синварни биринчи марта 1982 йилда 19 ёшида, иккинчи марта эса 1985 йилда ҳибсга олишган. Тахминан шу даврда у ҲАМАС асосчиси Шайх Аҳмад Ясиннинг ишончини қозонди.
Абу Иброҳим номи билан машҳур бўлган 61 ёшли Синвар Ғазо секторининг жанубидаги Хон Юнис қочқинлар лагерида туғилиб ўсган ва Ислом университетини тамомлагач," Мусулмон биродарлар" сафига қўшилган. 1987 йилда ҲАМАСга асос солганидан икки йил ўтиб, у Исроил билан ҳамкорлик қилишда гумон қилинганларни овлаш ва ўлдириш билан машҳур бўлган "Ал-Мажд" ички хавфсизлик ташкилотини тузди.
Синвар катталар ҳаётининг кўп қисмини (22 йилдан кўпроқ) 1988 йилдан 2011 йилгача Исроил қамоқхоналарида ўтказди.
2024 йил 31 июлда ҲАМАС раҳбари Исмоил Хания Теҳронда ўлдирилгач, Синвар гуруҳни бошқариб келаётганди.