Тошкентда пулли "парковка" нархлари тасдиқланди
Паркинг ҳудудлари 5 та тариф зонасига бўлинади ва энг арзон нарх 5 минг сўмни ташкил этади.
Тошкент шаҳар ҳокими транспорт воситаларининг пулли тўхтаб туриш жойларини такомиллаштириш бўйича қарори эълон қилинди.
Қарорга кўра, ҳокимлик ва "Тошкент Инвест компанияси" акциядорлик жамиятининг транспорт воситаларининг пулли тўхтаб туриш жойлари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда уларни босқичма-босқич ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Паркинг ҳудудлари 5 та тариф зонасига бўлинади. 1-тариф зонасида бир соатлик тўхтаб туриш 12 минг сўмни ташкил қилади. Бу миқдор 2-тариф зонасида 10 минг сўм, 3-зонада 8 минг, 4-зонада 6 минг ва 5-тариф зонасида 5 минг сўмни ташкил қилади.
Қарорга пулли тўхтаб туриш жойларининг тартиби ва қоидалари ҳам илова қилинган. Унга кўра, паркинг ташкил этиш учун инвесторлар ва бошқа шахслар хам мурожаат қилиши мумкин. Мурожаатлар 20 кун ичида ўрганиб чиқилади, паркинг чегаралари, фойдаланишга топшириш муддатлари бўйича Тошкент шаҳар ҳокими қарор қабул қилади.
Паркингда транспорт воситаларининг йўқолиши ёки шикастланиши автомобиллар эгалари зиммасида қолади. Айрим гуруҳ ногиронлари, II жаҳон уруши қатнашчиларига бепул хизмат кўрсатилади.