Тошкент ва Самарқандда қарийб 5 млрд сўмлик энергетика маҳсулотлари ўғирлангани маълум қилинди
Пойтахтдаги заправка жами 1,5 млн куб метр. табиий газни ноқонуний ишлатиб 2,7 млрд сўмлик зарар етказгани айтилган.
Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида 4,8 млрд сўмлик энергия ресурсларини ўғирлаган автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари аниқланди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Юнусобод тумани бўлими томонидан “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилган.
Унда “B.” МЧЖ раҳбари Т.А. ва бошқалар МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ўрнатилган газ ҳисоблагичга ташқи таъсир ўтказилиб, жами 1,5 млн куб метр. табиий газни ўғирлаб, давлат ва жамият манфаатларига 2,7 млрд сўм зарар етказганликлари аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан “Ўзэнергоинспекция” ҳудудий бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда “M.G.” МЧЖ раҳбари С.Р. Пастдарғом туманидаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида ўрнатилган электр ҳисоблагичнинг уланиш схемасини ўзгартириб, тижорат мақсадида 2,1 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.