Соғлиқни сақлаш вазирлиги огоҳлантирилди
Бунга MAGNE B6, IMUDON, СМЕКТА, ДУСПАТАЛИН, ЭЛEВИТ каби дори воситаларининг контрафакт нусхалари давлат рўйхатидан ўтказилгани сабаб бўлган.
Интелектуал мулк агентлиги контрафакт дори воситалари сабаб Соғлиқни сақлаш вазирлигини огоҳлантирди.
Қонунчилик ҳужжатлари талабларига кўра дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни давлат рўйхатидан ўтказилишида интеллектуал мулк ҳуқуқларига қатъий риоя этилиши керак.
Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 2023 йилда 21 та ҳолатда, 2024 йилнинг ўтган даврида 16 та ҳолатда дори воситалари интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя қилмаган ҳолда давлат рўйхатига олинганлиги аниқланди.
Жумладан, истеъмолчиларга яхши таниш бўлган MAGNE B6, IMUDON, СМЕКТА, ДУСПАТАЛИН, ЭЛEВИТ каби товар белгилари остида ишлаб чиқариладиган дори воситаларининг контрафакт нусхалари Magne B6, Nest Imudon, Smecta, Grand Imudon, МEР ДУСПАТАНИМ, ЭЛEМАЛВИТ кўринишида турли фармацевтика корхоналари номига интеллектуал мулк ҳуқуқларига риоя қилмаган ҳолда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Шу сабабли Соғлиқни сақлаш вазирлигига огоҳнома киритилган. Унда вазирлик дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни давлат рўйхатдан ўтказилишида қонунчилик ҳужжатлари талаблари бузилишини олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриш лозимлиги, бундай ҳолатлар такроран содир этилганда қонунчиликда белгиланган жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди.
"Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонунга асосан дори воситаларини, тиббий буюмларни ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан амалга оширилади ҳамда қалбакилаштирилган ва Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган дори воситаларининг ғайриқонуний нусхаларини ишлаб чиқариш тақиқланади.