platina.uz

ИИВ квадроберлар борасида огоҳлантириш билан чиқди

Тошкентда 11 октябр куни квадробер йўловчиларга итга тақлид қилиб ҳужум қилган, воқеага гувоҳ бўлган бола қаттиқ қўрқиб кетган. Квадробер болаларнинг ота-оналари жаримага тортилиши мумкин. 

Жамият
13 октябрь, 20:34
ИИВ квадроберлар борасида огоҳлантириш билан чиқди

ИИВ квадроберлар борасида огоҳлантириш билан чиқди. Айтилишича, ушбу ҳолат вояга етмаганлар орасида ҳам кўп учрамоқда.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда ёшлар ўртасида ўзини маълум бир ҳайвон қиёфасида акс эттирувчи аксессуарлардан фойдаланган ҳолда ўша жонзотнинг хатти-ҳаракатларига тақлид қилиш кўринишидаги квадроберлик субмаданияти намоён бўлмоқда.

Шу каби воқеалар Қозоғистон, Россия ва Украина ёшлари орасида ҳам кузатилган.

"Ачинарлиси, бундай номақбул ҳаракатлар Тошкент шаҳрида ҳам кузатилмоқда. Хусусан, 10 окятбрда ҳайвонлар қиёфасидаги ниқобларни тақиб олган квадробер учратилгани, 11 октябрда эса яна бир квадробер йўловчиларга итга тақлид қилиб ҳужум қилган, воқеага гувоҳ бўлган бола қаттиқ қўрқиб кетганлиги хабар берилган.

Мазкур ҳолатлар жамиятда юриш туриш қоидаларига зид бўлиб, бу каби хулқ-атворни мутлақо қабул қилиб бўлмайди.

Экспертлар фикрича, квадроберлик бола ўзига ҳайвонларнинг агрессив ҳаракатларини қабул қилишига, ўзини ва атрофдагиларни жароҳатлашига, боланинг ҳали тўла шаклланмаган психикасига зарар етишига ҳамда унинг жамиятдан ажратилиб қолишига олиб келиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига биноан, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар. Шунингдек, “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси боланинг ўқиши, тарбияланиши, жисмоний, маънавий ва интеллектуал ривожланиши учун масъулдир. Шунингдек, вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси ўз болаларини инсонпарварлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, маънавий, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаши шарт" дейилади ИИВ хабарида.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мувофиқ, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши БҲМнинг 5 баробаригача (1 миллион 875 минг сўмгача) жаримага тортишга сабаб бўлади.

Ички ишлар вазирлиги ота-оналарни ўз фарзандларини ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш бўйича ўзларининг маънавий бурчлари ва қонуний мажбуриятларини бажаришга чақирган.

Бола ҳуқуқлари кафолатларини таъминлашга масъул органлардан бири сифатида вазирлик шундай субмаданият намоён бўлиши ҳолатлари ота-оналар томонидан ўз мажбуриятларини бажармаслик сифатида малакаланишини маълум қилган.

Бундан ташқари, квадроберлик боланинг руҳий ва эмоционал соғлиғига қандай таъсир этганлигини аниқлаш мақсадида зарур ҳолларда болаларни махсус психологик кўрикдан (конфиденциал тарзда, болани яккалаш ва дискриминация қилинишига йўл қўймайдиган дўстона усуллар орқали) ўтказиш ҳам талаб этилиши мумкин.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+