Қорақалпоғистонда боғча мудирининг қилмишлари ошкор бўлди
У 11 йил давомида амалда ишламаган шахсларга сохта буйруқ ҳамда табелларни расмийлаштириб келган.
Жиноят ишлари бўйича Элликқалъа туман судида бюджет пулини талон-торож қилишда айбланган боғча мудири иши кўриб чиқилди. Суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, судланувчи ХХ 2011 йил 22 ноябрь кунидан Элликқалъа туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли мактабгача таълим ташкилоти директори лавозимида ишлаб келган. У мансабдор шахс бўла туриб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб ғаразли ва паст ниятларни кўзлаб ўзи раҳбарлик қилган давлат муассасасидан шахсий бойлик ва даромад орттириш манбаи сифатида фойдаланган.
ХХ 2013 йил июнь ойидан 2024 йил февраль ойига қадар амалда болалар боғчасида ишламаган бўлсада унинг мавсумий ўт ёқар, қоровул, ҳовли тозаловчи, ёрдамчи, тарбиячи, хона фарроши, ҳовли тозаловчи лавозимларига ишга тайинланганлиги ва ишда бўлганлиги ҳақида сохта бўйруқ ҳамда табелларни расмийлаштирган ва жами 75.601.204 сўм иш ҳақи ҳисоблаб, уни ўз манфаатлари йўлида ишлатиб юборган.
У жиноятларини бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, ўзига ишониб топширилган ѐки унинг ихтиѐрида бўлган ўзганинг мулкларини ўзлаштириш йўли билан амалга оширган.
Судланувчи суд жараёнида ўз айбига иқрор бўлиб, пушаймонлигини айтди, зарар қопланганини маълум қилиб, суддан озод этишларини сўраган.
Якуний ҳукмга кўра, ХХ ЖКнинг 70-моддасига асос жазо тайинланмасдан жазодан озод қилинди.
Суд иши Олий суд очиқ порталидан олинди.