platina.uz

Пойтахт ва унинг атрофидаги яшил ҳудудлар 3 карра кўпайтирилади

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳри бош режаси лойиҳаси билан танишди. Президент шаҳарни камида 7,5 миллион одам яшаши ва ишлаши учун қулай шароитга эга йирик мегаполисга айлантириш зарурлигини айтди. 

Жамият
9 октябрь, 21:00
Пойтахт ва унинг атрофидаги яшил ҳудудлар 3 карра кўпайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев 9 октябр куни Тошкент шаҳрининг бош режаси лойиҳаси билан танишди.

Бугунги кунда шаҳар ҳудуди 43 минг 822 гектар, аҳоли сони 3 миллиондан зиёд. Келгусида бу миқёс янада ошиб бориши тайин. Шу боис Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режаси лойиҳалаштирилди.

Давлат раҳбари бу борадаги илк ишланмалар билан 2022 йилда танишган эди. Унда берилган кўрсатма ва тавсиялар асосида лойиҳа такомиллаштирилди. “ТошкентбошпланЛИТИ” корхонасида Сингапур, Буюк Британия, Туркия, Германия, Хитой ва Нидерландия компаниялари билан ҳамкорликда пухта иш олиб борилди.

Лойиҳага кўра, Тошкент шаҳри ҳудуди 3 та зонага ажратилади. Консервация зонасида маданий мерос бинолари, тарихий жойлар, уйлар ва яшил ҳудудлар ўзгаришсиз қолади. Реконструкция зонасида мастер-режалар асосида қўшимча қурилишлар қилиш мумкин бўлади. Реновация зонасида эскирган уй-жой, бинолар ўрнида янги қурилишлар ва таъмирлаш амалга оширилади.

Бугунги кунда экология ва транспорт муаммолари долзарб бўлиб бормоқда. Хусусан, охирги ўн йилда Тошкентдаги ҳаво ҳарорати ўртача 1 даража кўтарилган. Баъзи кунларда атмосферадаги ифлослантирувчи моддалар меъёрдан ортиқ бўлмоқда. Автомашиналар ҳам кун сайин кўпайиб, йўл ҳаракати қийинлашиб бормоқда.

Шу боис янги бош режада бу масалалар инобатга олинган. Жумладан, Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги яшил ҳудудлар 3 карра кўпайтирилиб, 25 минг гектарга етказилиши белгиланмоқда. Бу орқали аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшил майдон ҳозирги 3 квадрат метрдан 6 квадрат метрга ошади.

Шаҳарсозлик талабига кўра, аҳоли ўз яшаш жойидан энг яқин боғча, мактаб, шифохона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларигача кўпи билан 15 дақиқада етиб бора олиши керак. Шу боис жамоат транспорти тармоғи кенгайтирилиб, боғламлар ва бекатлар кўпайтирилади. Янги йўллар қурилиб, метробус йўналишлари ташкил этилади.

Сўнгги йиллардаги ўсиш натижасида Тошкентда электр энергияси, сув ва оқова инфратузилмаси юклама билан ишлаяпти. Бош режа лойиҳасида бу қувватларни ошириш манбалари ҳам ҳисоб-китоб қилинган.

Бош режа тасдиқлангач, унинг хариталари Шаҳарсозлик кадастри геоахборот тизимида ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги веб-сайтида очиқ маълумот сифатида жойлаштирилади.

Мутасаддилар бош режанинг шу каби асосий кўрсаткичлари бўйича ахборот берди.

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрини камида 7,5 миллион одам яшаши ва ишлаши учун қулай шароитга эга йирик мегаполисга айлантириш зарурлигини таъкидлади. Тошкент вилоятининг Қибрай, Зангиота, Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ ва Тошкент туманларини пойтахт билан яхлит агломерация асосида ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+