platina.uz

Бажарилмаган ваъдалар: “Aдолат” социал-демократик партияси

Партия фаолиятининг заиф томонлари орасида ҳақиқий ислоҳотларнинг йўқлиги, ички ташкилий тузилишдаги муаммолар ва аҳоли ишончининг пасайиб бораётгани қайд этилган.

Сайлов-2024
9 октябрь, 19:44
Бажарилмаган ваъдалар: “Aдолат” социал-демократик партияси
Фотоколлаж: Platina.uz

Ўзбекистон “Aдолат” социал-демократик партияси (“Aдолат” СДП) аҳолининг кенг қатламлари манфаатларини ифода этиш, ижтимоий адолат, фуқаролар тенглиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 1995 йилда ташкил этилган. Бироқ сўнгги йилларда партия сайловолди ваъдаларининг катта қисмини бажара олмагани учун танқидларга учради.

Партиянинг асосий ваъдалари ва уларнинг бажарилмаслиги

“Aдолат” СДП сайловолди ташвиқотларида бир қанча муҳим жиҳатларга эътибор қаратди:

1. Коррупцияга қарши кураш ва ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш.

2. Ижтимоий адолатни таъминлаш ва турмуш даражасини ошириш.

3. Таълим ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш.

4. Янги иш ўринларини яратиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш.


Бажарилмай қолиб кетган ваъдалар: O'zLiDeP


Бироқ бу ваъдаларнинг ҳаммаси ҳам амалга ошмади, экспертлар танқидига сабаб бўлди ва электоратнинг ҳафсаласини пир қилди. Қуйида уларни батафсил кўриб чиқсак.

Коррупцияга қарши кураш

“Aдолат” партиясининг сайловолдидаги асосий ваъдаларидан бири коррупцияга қарши фаол кураш бўлди. Бироқ кейинги йилларда партия бу борада сезиларли муваффақиятларга эриша олмади. Масалан, Transparency International ташкилотининг 2023 йилги Коррупцияни идрок этиш индексида (Corruption Perception Index) Ўзбекистон 180 мамлакат ичида 146-ўринни эгаллади ва бу муаммонинг давом этаётганидан далолат беради. Ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва коррупцияга қарши курашни кучайтириш бўйича ваъда берилганига қарамай, бу борадаги аниқ қадамлар етарли даражада самарали эмас.

Ижтимоий адолат ва турмуш даражаси

Партия аҳоли турмуш даражасини ошириш, имкониятлар тенглиги ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлашга ваъда берди. Бироқ, статистик маълумотларга кўра, сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистонда қашшоқлик даражаси бор-йўғи 3 фоизга камайган, бу минтақанинг бошқа ривожланаётган мамлакатлари билан солиштирганда унчалик катта кўрсаткич эмас.


Партиялар қандай молиялаштирилади?


Platina.uz ўтказган ижтимоий фикрни ўрганиш бўйича сўровларда аксарият респондентлар “Адолат” партияси ва унинг депутатларини танимаган ёки уларнинг фаолиятидан қониқмаслигини билдирган.

Бошқа бир сўровларга кўра эса, респондентларнинг 58 фоизи “Aдолат” партияси ижтимоий адолатни яхшилаш ва тенгсизликка қарши курашиш бўйича берган ваъдаларини бажармаяпти, деб ҳисоблайди. Чунки, Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилигида ҳали ҳам сифатли тиббий хизматлар ва таълим олиш имконияти чекланган.

Таълим ва соғлиқни сақлашни ривожлантириш

Партия сайловолди дастурининг муҳим бандларидан бири таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришдан иборат эди. Ваҳоланки, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2023 йилги маълумотларига кўра, соғлиқни сақлашга йўналтирилган инвестициялар ЯИМнинг жуда кам қисмини ташкил қилган.

Экспертларнинг таъкидлашича, "Aдолат" партияси соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида ўз амбицияларини рўёбга чиқара олмади. Молиялаш даражаси етарли эмас, инфратузилма жиддий такомиллаштиришга муҳтож.

Иш ўринларини яратиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш

“Aдолат” партияси янги иш ўринлари яратиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашга ваъда бериб келади. Бироқ Ўзбекистонда ишсизлик даражаси, айниқса, ёшлар ўртасида ҳамон юқори. Статистика маълумотларига кўра, ёшлар ўртасидаги ишсизлик даражаси 2023 йилда 17 фоиз бўлса, жори йилда 16,3 фоизга тушган холос. Бу эса республика бўйича ўртача кўрсаткичдан анча юқори.

“Aдолат” партиясининг асосий камчиликлари

1. Ҳақиқий ислоҳотларнинг йўқлиги

“Aдолат” партияси берган ваъдаларига қарамай, иқтисодиёт, адлия, ижтимоий ҳимоя каби муҳим соҳаларда самарали ислоҳотларни амалга ошира олмади. Сиёсий ташаббуслар кўпинча аниқ ҳаракатларга айланмай, риторика даражасида қолмоқда.

2. Ички тузилма ва етакчилик билан боғлиқ муаммолар

“Aдолат” партияси ўз тузилмасида муаммоларга дуч келмоқда. Собиқ раис Наримон Умаровнинг партия етакчиси сифатида айтарли қатъиятга эга бўлмагани, партия аъзоларини ўз олдига қўйган мақсадларини амалга оширишга сафарбар эта олмагани танқид қилинган. Натижада партия мамлакатдаги бошқа сиёсий кучлар билан самарали рақобатлаша олмаган. Шу боис, партия “кечув пайтида отни алмаштириб бўлмайди”, деган нақлга ҳам эътибор қилмасдан, шу йил бошида Сиёсий кенгаш раиси сифатида Робахон Маҳмудовани танлади.

3. Aҳолининг ишончсизлиги

Эксперт Бахтиёр Эргашевнинг фикрига кўра, гарчи Адолат партияси ўз олдига долзарб режа ҳамда мақсадлар қўйган бўлса-да, социал-демократик ғояларни ифодаловчи сиёсий куч эканини иддао қилса-да, унинг демократик ғоялари кенг омма орасида етарлича акс-садо бермаяпти. Натижада “Адолат” бошқа партиялар билан рақобатбардош эканини кўрсата олмаяпти. Бу эса, ўз навбатида, мазкур партиянинг сайловчилар орасида нуфузи етарли эмаслигига ишора қилади.


Бажарилмаган ваъдалар: Халқ демократик партияси


Бу муаммони партия лидери Наримон Умаров ҳам 2019 йилдаги парламент сайловларидан кейин тан олган.Ўшанда “Адолат” партияси сайловолди кампаниясига катта куч берганига қарамасдан, сайлов натижаларига кўра, парламентда атиги 21 та ўринни эгаллаб, умумий рейтингда ЎзЛиДеп ва “Миллий тикланиш”дан ортда қолган эди. “Партиянинг ғоялари зўр, лекин халққа етказиб бериш ҳали етарли эмас”, деган Умаров бу муаммони тузатишга ваъда ҳам берган эди. Бироқ айни пайтдаги вазиятни қониқарли деб бўлмайди. Қўрқамизки, бу йилги сайловларда ҳам партия яхшироқ натижа қайд эта олмайди.

Кузда санашга жўжа етарлими?

Эҳтимол, “Адолат” партияси етакчиларининг келаётган сайловлардан умиди каттадир. “Жўжани кузда санаймиз, ҳозир башорат беришга шошилмайлик”, ҳам дейишар. Бироқ кузда санаш учун жўжа ҳам етарли бўлиши керак-да! “Aдолат” социал-демократик партияси сайловолди ваъдаларини бажармагани, ўз амбицияларини амалга ошира олмагани учун жиддий танқидга учрагани бор гап. Партия фаолиятининг заиф томонлари орасида ҳақиқий ислоҳотларнинг йўқлиги, ички ташкилий тузилишдаги муаммолар ва аҳоли ишончининг пасайиб бораётгани қайд этилган. Агар ушбу партия ўз олдига қўйган мақсадларига ва кенг аҳоли қатламлари қўллаб-қувватлашига эришишни ва ўз мавқеини мустаҳкамлашни истаса, чуқур ислоҳотларга эътибор қаратиши, ўзининг стратегик устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиши ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини оширишга қаратилган аниқ ҳаракатларга эътибор қаратиши зарур бўлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+