Партиялар қандай молиялаштирилади?
Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотлар барча учун очиқ бўлиши лозим. Сиёсий партиялар ўз фаолиятининг молиялаштирилиш ҳажми ва манбалари ҳақида ахборот эълон қилиб туриши керак.
Жорий йилнинг 2 июлида Ўзбекистон президенти имзолаган тегишли қонун асосида бир неча қонунларга, хусусан, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунга қўшимча киритилди.
Янги қонунга биноан “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунга сиёсий партияларнинг уставида назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг йиллик ҳажмини кўпайтиришни, шу билан бирга, Қонунчилик палатасига охирги сайлов натижаларига асосан давлат маблағларини олиш ҳуқуқига эга бўладиган сиёсий партиялар ўртасида ушбу маблағларнинг тақсимлаш тартибини ўзгартиришни назарда тутувчи бандлар киритилди.
Жумладан, бундан буён сиёсий партияларнинг уставда назарда тутилган фаолиятини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг йиллик ҳажми шу маблағларни ажратиш мўлжалланаётган йилдан олдинги йилнинг 1 сентябридаги ҳолатга кўра белгиланган БҲМнинг 2,5 фоизини Қонунчилик палатасига ўтказилган охирги сайловда сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар сонига кўпайтмаси миқдорида шакллантирилади. Шу пайтгача бу миқдор 2 фоиз эди.
Адлия вазирлиги бюджетдан ажратилган пулнинг 40 фоизини сиёсий партиялар ўртасида тенг миқдорда, 60 фоизини сиёсий партиялар ўртасида Қонунчилик палатасида олган депутатлик ўринларига мутаносиб равишда тақсимлайди. Қонунчилик палатаси депутатларининг сони ўзгарса, давлат маблағлари қайта тақсимланмайди.
Ўзбекистонда сиёсий партияларни молиялаштириш манбалари
2004 йил 30 апрелдаги “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддасига кўра, сиёсий партияларни молиялаштириш манбалари қуйидагилардан иборат:
- кириш ва аъзолик бадаллари, агар сиёсий партиянинг уставида бундай бадаллар тўлаш назарда тутилган бўлса;
- қонунчиликка мувофиқ тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадлар;
- давлат бюджетидан ушбу қонунга мувофиқ ажратиладиган маблағлар;
- юридик шахслар ва фуқаролар томонидан ушбу қонунга мувофиқ бериладиган хайрия ёрдами.
Таъкидлаш керак, мазкур қонуннинг 15-моддасига кўра, сиёсий партияларга хайрия ёрдами беришда маълум чекловлар мавжуд.
Хусусан, сиёсий партияларга пул маблағлари шаклидаги, мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тариқасидаги (шу жумладан грантлар ажратиш, техник ёрдам кўрсатиш, сафарлар билан, шунингдек Ўзбекистон ҳудудида ва ундан ташқарида ўтказиладиган тренинглар, семинарлар, конференциялар билан боғлиқ харажатларга ҳақ тўлаш орқали) хайрия ёрдами чет давлатлар, чет давлатларнинг юридик шахслари, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари, халқаро ташкилотлар, уларнинг ваколатхоналари ва филиаллари, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан берилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, диний ташкилотлар ва номи яширилган ёки фақат тахаллуси кўрсатилган шахслар томонидан сиёсий партияларга пул маблағлари шаклида, мол-мулк бериш, хизматлар кўрсатиш, ишлар бажариш тарзида хайрия ёрдами берилишига ҳам йўл қўйилмайди.
Қонунга кўра, бундай чекланган категорияга мансуб хайрия ёрдами олинган кундан эътиборан бир ой ичида хайрия ёрдами берувчига қайтарилиши, қайтариш имконияти бўлмаган тақдирда эса давлат даромадига ўтказилиши лозим.
Партияларни молиялаштириш: хориж тажрибаси
Албатта, ҳар қандай нотижорий тузилма нормал фаолият юритиши, мунтазам молиявий манбага эга бўлиши лозим. Бу манбалар эса шу тузилма фаолиятидан манфаатдор тарафлар зиммасида бўлади. Сиёсий партиялар ҳам шундай тузилма ўлароқ, энг аввало партия аъзолари, шунингдек, бу партия билан якдил сиёсий қарашларга эга, ушбу партия фаолиятидан қандайдир (сиёсий, иқтисодий, маънавий, мафкуравий, маъмурий...) манфаат ва фойда олувчи шахс ҳамда ташкилотлар томонидан аъзолик бадаллари ва хайрия шаклида таъминланади.
Тарихан шундай анъана юзага келганки, партиявий спектрдаги мақомига кўра “сўл” партиялар (ўзгаришлар ясаш, радикаллик ва ижтимоий тенглик тарафдорлари – коммунистлар социалистлар ва бошқалар) ўз аъзоларидан мунтазам равишда аъзолик бадаллари йиғиб олади. Бадал миқдори партия аъзоси ойлик даромадининг қанчадир фоизига тенг бўлади.
Шунингдек, аксарият сиёсий партияларда, айниқса давлат бошқарувига аралаша оладиган ёки ҳукмрон партияларда маълум бир манфаатдор гуруҳларнинг (йирик бизнес, тижорат уюшмалари, монополистлар, миллий ёки диний ижтимоий қатлам етакчилари)лоббиси мавжуд бўлади. Табиийки, улар мунтазам асосда молиявий таъминотчи вазифасини ўташади.
Шу билан бирга, партиялар ва уларнинг етакчилари пул ва совғаларни кириш бадали, сайлов рўйхатига қўшиш учун “ташаккур белгиси” шаклида олишлари ҳам мумкин. Бироқ бу баҳсли ва шубҳали молиялаш усули бўлиб, қонун бузилишларига, жумладан, коррупцияга ҳам олиб келиши мумкин.
Таъкидлаш керак, айрим партиялар хориждаги тузилмалар ёки ҳукуматлар томонидан очиқ ёки махфий равишда молиялаштирилиши ҳам мумкин. Бироқ аксарият давлатларда сиёсий партияларга хориждан молиявий ёрдам олиш тақиқлаб қўйилган.
Юқорида таъкидланганидек, Ўзбекистонда ҳам “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонун сиёсий партияларга хорижий шахс ёки ташкилотлардан молиявий ёрдам олишни тақиқлайди.
Хорижий молиялаштиришнинг тақиқланиши, аввало хорижий ҳукумат ёки шахс ҳамда ташкилотларнинг ички сиёсатга аралашувини профилактика қилиш мақсадини кўзда тутади. Масалан, бирор давлатда сиёсий режим ёки ҳукмронни ўзгартириш айнан шу юмшоқ куч – сиёсий партиялар ёрдамида амалга оширилиши мумкин.
Айниқса, авторитар режимлар бу борадаги ҳар қандай хорижий мулоқотга кескин муносабат билдиришади. Масалан, Беларус президенти Александ Лукашенко шу йил 9 апрелда мамлакатда сиёсий партияларнинг фаолияти масаласига бағишланган йиғилишда мамлакатдаги партияларнинг хориждан молиялаштирилишига қаршилигини яна бир бор таъкидлаган. (Беларусда бу борада қонун ҳам мавжуд – таҳр.)У, шунингдек, хориждан грант олган, хорижий сафарлар чоғида йўл харажатларини қоплашларига ёки бошқа хизматлар кўрсатилишига рози бўлган шахслар автоматик равишда Беларусда сиёсий фаолият билан шуғулланиш, давлат лавозимларини ёки сайланалиган мансабларни эгаллаш ҳуқуқини йўқотишлари” ҳақида огоҳлантирган.
Бироқ, қизиқ жиҳати шундаки, Лукашенко Беларусдаги сиёсий партия етакчиларига давлат бюджетидан молиявий ёрдамни кутмасликни маслаҳат берган. “Бюджет пули сарфланадиган бошқа соҳалар ҳам кўп” деган Беларус президенти.
Партияларни давлат бюджетидан таъминлаш шартми?
Лукашенко давлат бюджетидан пул бермаслигини таъкидлаган бўлса-да, аксарият давлатлардаги сиёсий партияларга давлат бюджетидан пул ажратилади.
Маълумки, сиёсий партиялар бирор аҳоли қатламининг ва умуман халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, халқнинг сиёсий иродасини тамсил этиш ва шу мақсадда қонуний сиёсий курашлар орқали ҳокимият тепасига интилади. Бир сўз билан айтганда, улар ҳукмрон партия ёки элита учун сиёсий мухолифат ҳисобланади. Нега унда ҳукумат бу партияларни бюджетдан молиялаштириш каби “сахийлик”ни ўзига эп кўради?
Аввало, бошқа молиялаштириш шакллари тақиқланса ёки реализация қилиш имконияти бўлмаса, партияларни бюджетдан молиялаштириш ягона чора бўлиб қолади.
Қолаверса, яна бир мақсад борки, уни чуқурроқ англаш учун, мисол сифатида СССРда виждон эркинлиги тарихига қисқа назар солиш мумкин.
Маълумки, СССРда ҳукмрон ва ягона партия – Коммунистик партия эди. Бу партия мафкурасига биноан, идеал совет фуқароси динсиз атеист бўлиши ва динга, “эскилик сарқитлари”га қарши мунтазам кураш олиб бориши лозим бўлган. Бироқ 1943 йилда Сталиндек қонхўр ва динсиз диктатор даврида, айни уруш қизғин кетаётган пайтда диндорларга, жумладан, мусулмонларга эркинлик беришга қарор қилинади. Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси тузилиб, диний маросимларни ўтказишга тақиқлар олиб ташланади. Албатта давлат, ички ишлар ва махсус хизматларнинг қатъий назорати остида бошланган ва давом эттирилган бу қадамлардан асосий мақсад – уруш пайтида диндорларнинг ҳам самимий қўлловига эришиш бўлса, иккинчидан, дунё ҳамжамияти нигоҳида СССРни гўёки ҳақиқий демократик давлат, инсон ҳуқуқлари, жумладан, диний эркинликлар таъминланган тузум сифатида кўрсатишга уриниш бор эди.
Лекин шуни унутмаслик керакки, ўнлаб, ҳаттоки юзлаб партияларнинг мавжудлиги реал ишлаётган кўппартияли тизим борлигидан дарак бермайди.
Албатта, демократик тузумларда ҳам ташқи таъсир эҳтимолини камайтириш мақсадида сиёсий партияларни давлат бюджетидан молиялаштириш йўлга қўйилган. Бироқ демократия ривожланган давлатларда бу қийинроқ кечади. Чунки халқ ўзига ёт ва тушунарсиз мафкурадаги қандайдир партияларга ўз чўнтагидан пул беришни истамаслиги мумкин.
Масалан, Буюк Британияда ҳам шундай молиялаштириш таклиф этилган бўлса-да, ҳамон тасдиқланмаган. Собиқ совет давлатларида, жумладан, Россияда сайловларда маълум натижага эришган, сайловларда камида 3 фоиз овоз олган партияларга бюджетдан пул ажратилади.
Бюджетдан молиялаштириш ва “чўнтак партиялари”
Сиёсий партияларни бюджетдан молиялаштиришнинг яхши ва ёмон жиҳатлари бор.
Аввало, аксарият ҳолларда бундай тартибга ўтиш учун халқнинг розилиги олинмаган – референдум, жамоатчилик муҳкоамаси ва ҳоказолар таъминланмаган бўлади.
Масалан, 2009 йил 21 октябрда Қозоғистон марказий сайлов комиссияси сиёсий партияларни молиялаштириши тартибини тасдиқлаган. Қозоғистонлик эксперт Санжар Бокаевнинг ёзишича, бу масала кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинмаган.
Натижада халқ пули ҳисобидан молиялаштирилаётган бўлса-да, партия халқ эмас, ҳукмрон элитанинг манфаатларига хизмат қилувчи тузилмага айланади. Бундай партияларнинг вакиллари парламентга сайланса ҳам, табиийки, халққа хизмат қиладиган қонунлар ишлаб чиқармайди.
Бошқа жиҳатдан, бюджетдан молиялаштириш айни шундай “чўнтак партиялар” вужудга келишининг олдини олиши ҳам мумкин. Зеро, сиёсий партия бирор бой олигарх ёки ташкилотнинг пули эвазига фаолият кўрсатса, ўшаларнинг “чўнтак партияси”га айланиб қолади. Бундай партия ҳокимият тепасига чиққанида ўз ҳомийларининг манфаатларини давлат ва халқ манфаатидан устун қўяди.
Масалан, россиялик журналист Максим Шевченко Россиядаги “Правое дело” партиясини (2006-2016 йилларда фаолият кўрсатган – таҳр.) тадбиркор Михаил Прохоровнинг пули эвазига ҳокимият тепасига чиқаётган “чўнтак театри” деб атаган эди. “Демократик жамиятда бундай партия бўлиши керак эмас. Сиёсий партия халқ иродасини тамсил этиши керак, қандайдир бойваччанинг манфаатларини эмас”, деган Шевченко.
Яқинда ўтказилган тадқиқотларга кўра, америкалик фуқароларнинг учдан икки қисми партия ва сайлов кампанияларига пул хайрия қиладиган йирик “саховат эгалари” боис, АҚШ ҳукуматига ишонмайди.
Бюджетдан ажратилган маблағлар қандай сарфланяпти?
Имтиёз ва осон пул бор жойда коррупуция ва ўғирлик юзага келиши эҳтимолга яқин бўлади.
Партиялар учун йиғилган ёки ажратилган маблағларни сарфлаш борасида коррупцион можаролар юзага келмаган бирор-бир давлат ёки жамият йўқ. Ҳатто демократия борасида намуна ўлароқ кўриладиган АҚШда ҳам яқинда “партия пуллари” борасида можаро чиқди. Маълумки, Жо Байден сайлов пойгасида қатнашиши учун йиғилган 150 миллион доллар маблағ, Байден пойгадан чиқарилгани боис янги демократик номзод Камала Ҳаррис учун сарфланиши айтилди. Бироқ бу республикачи номзод, собиқ президент Доналд Трампнинг норозилигига сабаб бўлди. Байден учун йиғилган пуллар Ҳаррис учун сарфланиши нотўғри экани таъкидланди. Бироқ демократлар лагери Ҳаррис айни пайтда вице-президент экани ва бошқа сабабларга кўра қонун бузилмагани ҳақида баёнот беришди.
Ўзбекистон мисолида олсак, шундай можаролар ҳамда бюджет пулларининг талон-торож қилинишининг олдини олиш мақсадида, “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотлар барча учун очиқ бўлиши лозим. Сиёсий партиялар ўз фаолиятининг молиялаштирилиш ҳажми ва манбалари ҳақида ахборот эълон қилиб туриши керак. Бу эса ушбу маълумотларнинг ОАВда ёки бошқа очиқ ахборот ресурсларида чоп этилишини назарда тутади.
Қолаверса, сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисидаги маълумотларнинг мазкур партиялар аъзолари ва жамоатчилик учун очиқлиги сиёсий партияларнинг ўзи томонидан таъминланиши лозим. Албатта, тегишли давлат идоралари бу пуллар қандай сарфланаётгани юзасидан назоратни бўшаштирмаслигига шубҳа йўқ. Бироқ қонун талабига мувофиқ, бирорта партиянинг бу борадаги ҳисоботлари билан ОАВ орқали танишиш ҳамон имконсиз бўлиб қолмоқда.
Албатта, турли популистик тадбирлар билан банд партияларнинг қуруқ тавсияларга риоя қилишга вақти бўлмаслиги мумкин. Шу мақсадда, экспертлар партияларнинг молиявий фаолиятини тафтиш қилиш учун ташқи мустақил аудитни ҳам жалб этишни қонун билан мустаҳкамлаб қўйишни таклиф этишади.
Шу боис, сиёсий партиялар қандай манбалардан даромад олаётгани ва бу пулларни, хусусан, халқ пулларини қандай сарфлаётгани ҳақида халққа ҳисобот бериб туриши қонунга ҳам, мантиққа ҳам мувофиқ бўларди. Зеро, шаффофлик йўқ жойда коррупция эҳтимоли ортиши ҳаётда аллақачон ўз исботини топган.
Абулфайз Сайидасқаров