platina.uz

Бажарилмай қолиб кетган ваъдалар: O'zLiDeP

Халқ партияларнинг ўтган 5 йиллик муддат давомида юритган сиёсий фаолияти, аввалги сайловларда берган ваъдаларига қанчалик вафо қилгани, мамлакат қонунчилигини такомиллаштиришга қўшган ҳиссасига қараб баҳо беради.

Сайлов-2024
27 август, 19:34
Бажарилмай қолиб кетган ваъдалар: O'zLiDeP
Фотоколлаж: Platina.uz

Жорий йилнинг 26 июлида Олий мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сайловларига старт берилади.

Ўзбекистондаги 5 та партиядан бири – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси (O'zLiDeP) ҳам сайловолди пойгасида иштирок этишини расман тасдиқлади: партия сиёсий кенгашининг XVII мажлисида бўлажак сайловда фаол қатнашиши лозимлиги тўғрисида бир овоздан қарор қабул қилинди ва тегишли ҳужжатлар Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилди.

Қайд этиш жоиз, O’zLiDeP мамлакатимиздаги етакчи сиёсий партиялардан бири бўлиб, 2003 йилда ташкил этилган. O’zLiDeP тадбиркорлар, фермерлар ва хусусий сектор ходимлари манфаатларини ҳимоя қилади. Партия ўзини мамлакат иқтисодиётини ислоҳ этиш ва модернизациялашни қўллаб-қувватловчи асосий сиёсий иштирокчи сифатида тақдим этиб келади. Бироқ Ўзбекистон сиёсий тизимида муҳим ўрин тутганига қарамай, O’zLiDeP фаолияти қатор жабҳаларда танқидга учрайди.

Имзо йиғиш жараёни бошланган

МСК сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари рўйхатга олиб, уларга E-saylov ахборот тизими орқали электрон шаклда мандатлар берилди. O'zLiDeP’нинг ваколатли вакилига партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчилар имзосини тўплаш учун белгиланган намунадаги имзо варақалари топширилди. Шу тариқа бўлажак сайловда иштирок этиш учун сайловчилар имзоларини йиғиш жараёнларига старт берилди.

Мазкур жараён партиянинг 15 мингга яқин бошланғич партия ташкилотларида (БПТ), фуқароларнинг иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун билан тақиқланмаган бошқа жойларда ташкил этиляпти.

Маълумки, қонунчиликка кўра, сиёсий партиялар битта маъмурий-ҳудудий тузилмада (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри) қирқ минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоиз имзосини тўплаши мумкинлиги белгиланган.

Жўжа саналадиган кун

Парламентга сайлов куни – 27 октябргача ҳали деярли 2 ой бор. Бу муддат ҳар бир партиянинг ўз электоратини шакллантириши, сайловолди дастури билан таништириши учун унчалик катта муддат бўлмаслиги мумкин. Халқ партияларнинг ўтган 5 йиллик муддат давомида юритган сиёсий фаолияти, аввалги сайловларда берган ваъдаларига қанчалик вафо қилгани, мамлакат қонунчилигини такомиллаштиришга қўшган ҳиссасига қараб баҳо бериши табиий.

Зеро бу йилги сайловлар янгича тизимда ўтказилмоқда. Сайловчилар энди маълум бир номзод билан бирга сиёсий партияга ҳам овоз беради – бунинг учун уларга тўртинчи, алоҳида бюллетен тақдим этилади.

O'zLiDeP ҳам мазкур улкан сиёсий жараёнга қуруқ қўл билан келмаслиги аниқ. Бироқ бу “қўл” нимани кўтариб келгани муҳимроқ.

Партия расмий веб-сайтида маълум қилинишича, O'zLiDeP 2024 йилги парламент сайловларига янги стратегия билан кириб келмоқда. Сайловларга тубдан янгича ёндашишни кўзда тутган стратегия дорасида O'zLiDeP халқнинг ичига янада фаолроқ кириб бориши, уйма-уй юриб, 3 миллиондан ортиқ хонадонга кириб чиқишни, ҳар бир сайловчига партия ғояларини етказишни, уларнинг таклиф-мулоҳазаларини олишни мақсад қилган.

Ҳақиқий мухолифат ва сиёсий плюрализм етишмайди

O’zLiDeP’нинг энг жиддий камчиликларидан бири бу унинг ҳақиқий мухолифат сиёсий куч эмаслигида кўринади. Ўзбекистонда сиёсий тизим тарихан бир партия ҳукмронлигига йўналтирилган бўлиб, бошқа партиялар, жумладан, O’zLiDeP ҳам кўпинча фақат амалдаги тузумни қўллаб-қувватлаш вазифасини бажаради. Партия ўзини демократик тамойиллар ва либерал қадриятларга содиқлигини даъво қилса-да, аслида у муқобил ечимлар таклиф қилмасдан, ҳукуматнинг барча муҳим ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Бу партия дастурида ҳам кўрсатилган. Бундай фаолият мамлакатда сиёсий плюрализм чекланган, деган тасаввур уйғотади.

Мафкуравий база заиф

O’zLiDeP мафкуравий платформаси ноаниқлиги, ўзига хослик йўқлиги кўпинча танқид қилинади. Партия тадбиркорлик ва бозор ислоҳотларини қўллаб-қувватлашга даъво қилади, лекин дастурида ҳар доим ҳам уларни амалга ошириш бўйича аниқ қадамлар ўз аксини топмайди. Қолаверса, O’zLiDeP шиорлари кўпинча умумий давлат устувор йўналишлари, хусусан, қашшоқликка қарши кураш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш каби масалаларга тўғри келади ва бу жиҳатлар боис унинг дастурини бошқа сиёсий партияларникидан фарқлаш қийин. Бинобарин, сайловчилар O’zLiDeP’нинг бошқа партиялардан нимаси билан ажралиб туриши, мамлакатнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда айнан нимани таклиф қилишини дафъатан тушуниб олиши қийин.

Иқтисодий сиёсатга таъсири чекланган

Тадбиркорлик ва бозор ислоҳотларини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилаётганига қарамай, O’zLiDeP’нинг Ўзбекистонда иқтисодий сиёсатни шакллантиришга таъсири чекланганича қолмоқда. Партия давлатнинг иқтисодиётдаги ролини пасайтириш зарурлигини эълон қилса-да, аслида хусусийлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш жараёнлари суст кечмоқда, давлат идоралари устун рол ўйнашда давом этмоқда. Масалан, 2022 йилда давлат сектори ҳали ҳам мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 50 фоизини ташкил этди, бу партия томонидан қўллаб-қувватланган бозор ислоҳотларининг заифлигини кўрсатади.

Коррупцияга қарши кураш самарадор эмас

Коррупция Ўзбекистонда асосий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда ва O’zLiDeP бу ҳодисага қарши курашиш зарурлигини бир неча бор таъкидлаганини тан олиш керак. Бироқ бу йўналишдаги натижалар қониқарли эмас. Transparency International халқаро ташкилотига кўра, Ўзбекистон 2023 йилда коррупцияни идрок этиш индексида 180 мамлакат ичида 146-ўринни эгаллади. Бу рақам муаммолар ҳамон жиддийлигидан далолат беради. Партиянинг давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, шаффофликни ошириш зарурлиги ҳақидаги баёнотларига қарамай, бу борадаги реал ўзгаришлар суст кечмоқда.

Ички демократия қачон шакллантирилади?

O’zLiDeP’даги ички жараёнларда демократия йўқлиги кўпинча танқид қилинади. Партия раҳбарияти ҳаракатсизлигича қолмоқда, қарорлар қабул қилиш жараёнлари ҳар доим ҳам шаффоф эмас. Кадрлар ротацияси ва партия таркибини янгилаш механизмининг йўқлиги партиянинг жамиятнинг реал муаммолари ва талаблари билан алоқасини йўқотишига олиб келмоқда. Қолаверса, партиянинг ёш ва янги аъзоларининг партия сиёсати ва стратегиясига таъсир ўтказиш имкониятлари чекланган, бу эса партия тузилмасини ривожлантириш ва янгилашни қийинлаштиради.

Фуқаролик жамияти билан ўзаро алоқалар зарур

Фуқаролик жамияти билан самарали ҳамкорлик қилиш ҳар қандай сиёсий партия фаолиятининг асосий элементидир. Бироқ бу борада O’zLiDeP ҳар доим ҳам фаол эмас. Тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлашни эълон қилганига қарамай, партия бизнес ва фуқаролик жамияти вакиллари билан кўп очиқ мулоқотлар ўтказмайди. Бу эса, табиийки, одамларнинг ҳақиқий эҳтиёжлари ва муаммоларини тушуниш ва уларга жавоб бериш имкониятини чеклайди.

Сайлов фаоллиги заиф

O’zLiDeP анъанавий тарзда сайловларда юқори натижаларни кўрсатаётган бўлса-да, танқидчилар бунга кўп жиҳатдан чекланган рақобат ва ҳокимият назорати сабаб бўлаётганини таъкидламоқда. 2019 йилги сайловда O’zLiDeP Олий Мажлис (парламент қуйи палатаси)даги 150 ўриндан 53 тасини қўлга киритиб, биринчи ўринни эгаллади. Бироқ аҳоли орасида партияни амалда қўллаб-қувватлаши шубҳали, чунки мамлакатда фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ва фаоллиги пастлигича қолмоқда. Бу эса сайлов натижаларининг қонунийлиги ва партиянинг обрўси табиий ва ҳақиқийлигини шубҳа остига қўяди.

Ялқовликка олиб келган устуворлик

Бу партияга асосан тадбиркор ва фермерлар аъзо экани, турли тадбиркорлик субъектлари ва йирик давлат корхоналарида бошланғич партия ташкилотлари мавжудлиги ҳам O’zLiDeP’га бир қанча устуворликлар беради.

Бундай устуворлик партиянинг ўз устида ишламаслиги, электорат учун кескин кураш олиб бормаслиги, бир сўз билан айтганда, ялқовлашиб қолишига сабаб бўлаётгани эҳтимолдан холи эмас.

Лекин ҳатто мана шундай жозибали жиҳатларига қарамасдан, бу партияга кўплаб одамлар ўз ихтиёри билан аъзо бўлиб кираётгани йўқ. Ҳатто айрим бюджет ташкилотларида ишловчи ходимларни O’zLiDeP’га аъзо бўлишга мажбурлаш ҳолатлари ҳам учраётгани айтилади.

Мавжуд салоҳиятдан тўлиқ фойдаланилмаяпти

Умумлаштирган ҳолда шуни айтиш мумкинки, O’zLiDeP мамлакатимиз сиёсий ҳаётида салмоқли ўрин тутса-да, унинг фаолиятида жиддий камчиликлар ҳам мавжуд. Ҳақиқий мухолифат ролининг йўқлиги, мафкуравий асоснинг заифлиги, иқтисодий сиёсатга таъсирнинг чеклангани, ижтимоий муаммоларга, коррупцияга қарши курашга етарлича эътибор берилмагани – буларнинг барчаси партияга бўлган ишончни, унинг мамлакатдаги долзарб муаммоларни самарали ҳал этиш қобилиятини сусайтирмоқда.

Бундан ташқари, партия ички сиёсий жараёнларида демократия йўқлиги, фуқаролик жамияти билан ўзаро муносабатларнинг сустлиги каби ички муаммолар унинг ривожланиш ва янгиланиш имкониятларини чеклайди. Ўзбекистон модернизация ва ислоҳотга интилаётган бир пайтда O’zLiDeP ўз таъсирини ва сайловчилар ишончини сақлаб қолишни истаса, сиёсий фаолият стратегиясини қайта кўриб чиқиши ва мамлакат сиёсий тизимидаги ролини кучайтириши керак.

Бунинг учун реал ислоҳотлар йўлидаги ишларни фаоллаштириш, партия дастурини янада аниқроқ шаклда қайта ишлаш ва долзарб муаммоларни ҳал этишга йўналтириш, фуқаролик жамияти ва тадбиркорлар билан янада фаол ҳамкорлик қилиш зарур. Шундагина O’zLiDeP ўз амбицияларини оқлаб, чинакамига Ўзбекистон тараққиёти ва гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишга қодир кучга айланади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+