Бажарилмаган ваъдалар: Халқ демократик партияси

Коммунистик партияга муқобил вариант сифатида ташкил этилган ушбу партия 5 йил олдинги дастуридаги вазифаларни қай даражада уддалади?

Сайлов-2024
25 сентябрь, 19:53
Бажарилмаган ваъдалар: Халқ демократик партияси
Фотоколлаж: Platina.uz

Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП) ўзининг бутун тарихи давомида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишини таъкидлаб келган. 1991 йилда, собиқ Ўзбекистон Коммунистик партиясига муқобил вариант сифатида ташкил этилган ушбу партия ўзини иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳал этиш, пенсионерлар, ногиронлар ва кам таъминланган фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қодир сиёсий куч сифатида тақдим этмоқда. 

Эслатиш жоиз, Ўзбекистоннинг биринчи президенти даврида (1991-2016) Ўзбекистон партия тизими кучли марказлашган ҳолда қолди. Ҳамма ташаббус ва ижро фақат Ислом Каримовнинг кайфияти ва сиёсий иродасига боғлиқ эди. Партиялар кўп бўлса-да, улар кўппартиявий тизим имитацияси учун рол ўйнаб берган холос, амалда деярли сиёсий қудратга эга бўлмаган.

2016 йилда ҳокимият тепасига Шавкат Мирзиёев келгач, сиёсий либераллашув ва плюрализм борасида сезиларли ислоҳотлар амалга оширилди. Бу имкониятлар сиёсий мухолифат ҳамда мунозаралар учун катта майдон очган бўлса-да, бирорта партия, шу жумладан, ХДП ҳам ҳақиқатда мустақил сиёсий куч сифатида ўзини кўрсата олмади. 

Шунингдек, ХДПнинг сўнгги йилларда, айниқса, сайловга тайёргарлик кўриш давридаги фаолияти танқидий таҳлил қилинганда, бир қанча муаммолар, бажарилмаган ваъдалар кўзга ташланадики, бу унинг истиқболда ҳам ўз олдига қўйган мақсадларида тўлиқ эриша олишига шубҳа уйғотади.

Ишончсизлик тенденцияси

Охирги йилларда иқтисодий либераллаштириш ва хорижий инвестициялар миқдорининг ошгани инфляция ҳамда нархларнинг ўсиши, пировардида аҳолининг харид қобилияти, демакки, турмуш фаровонлигининг ҳам пасайишига билвосита (!) сабаб бўлди. Бундай вазият ХДПнинг анъанавий сайловчиларида партияга ишонч йўқолишига олиб келиши табиий.

Аслида ишончсизлик тенденцияси 2019 йилги сайловларда бошланган. Шу йили ХДП парламент сайловларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 ўриндан атиги 22 тасини эгаллаб, бу борада ўз тарихидаги энг ёмон кўрсаткични намоён қилган эди. 

Партия президент сайловларини ҳам жуда паст кўрсаткичлар билан якунлаган. 1991 йилни ҳисобга олмаганда (шу йили Ислом Каримов коммунистик партия муқобили сифатида ХДПдан ўз номзодини қўйиб 87,10 фоиз овоз олган) қолган сайловларда партия номзодлари 3-6 фоиз овозга муносиб кўрилган холос.

Ички партиявий муаммолар ва ёрқин лидернинг йўқлиги

Ҳамма соҳа ва лойиҳада етакчи муҳим ўрин тутади. Сайловчилар етакчининг харизмаси ва илҳомлантирувчи нутқ ҳамда фаолиятидан руҳланишади. Бироқ Ўзбекистондаги бошқа партияларга хос муаммо ХДПда ҳам мавжуд: партия раҳбарлари гарчи “сайланса”-да, бу “сайлов” партия оддий ходимлари ва электорат фикрини инобатга олмайди. Етакчилар эса тез-тез ўзгариб туради. Ўтказилган сўровларга ишонилса, ХДПнинг ҳозирги раҳбари ким ва у қандай фигура деган саволга кўпчилик жавоб бера олмайди. 


Бажарилмай қолиб кетган ваъдалар: O'zLiDeP


Дастур ва сайловолди ваъдалар

2021 йилдаги президент сайловлари ва 2019 йилдаги парламент сайловлари олдидан ХДП ижтимоий таъминотни яхшилаш, пенсия тизимини ислоҳ қилиш ва аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратишини билдирган. Хусусан, партия дастури қуйидаги асосий жиҳатларни ўз ичига олади:

1. Пенсиялар миқдорини ошириш: Партия пенсияларни муносиб ҳаёт учун энг кам талабларга жавоб берадиган даражада оширишга ваъда берди.

2. Aҳолининг заиф қатламлари учун ижтимоий нафақалар: ногиронлар, пенсионерлар ва кўп болали оилалар учун қўшимча имтиёзларни киритиш режалаштирилди.

3. Соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳот ясаш: Кам таъминланганлар учун тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш ваъдаси берилди.

Афсуски, 2024 йил ҳолатига ушбу ваъдаларнинг аксарияти фақат қоғозда қолмоқда. Ваъдалар ва ижро кўламини таҳлил этиш буни исботлаши мумкин

Пенсиялар даражасини ошириш

ХДПнинг асосий ваъдаларидан бири – пенсиялар миқдорини сезиларли даражада ошириш (аниқроғи, пенсиялар оширилиши учун ўз ваколатлари ва имкониятлари доирасида ҳисса қўшиш) эди. 2023 йилга оид расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўртача пенсия миқдори қарийб 930 минг сўмни (80 АҚШ долларига яқин) ташкил этган бўлиб, мавжуд нархлар ва инфляция миқдори инобатга олинса, бу маблағ ҳатто энг асосий эҳтиёжларни ҳам қоплай олмайди. 

Бошқа ҳисоб-китобларга кўра, минимал пенсия миқдори – 648 минг сўм, “депутатлик” пенсияси 4 млн сўм экани инобатга олинса, ўртача пенсия миқдори 2 млн сўмни ташкил этадики, бу миқдор ҳам нормал ва эркин яшаш учун кифоя қилмайди.

Хусусан, ўтган йилда озиқ-овқат нархлари инфляцияси 11,5% га етган бўлиб, бу пенсиялар бироз ошганига қарамай, пенсионерлар турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатди. Таъкидлаш керак, 2024 йил май ҳолатига Ўзбекистондаги пенсионерлар сони салкам 4 млн кишини ташкил этган ва туғилиш даражасининг нисбатан камайиши ҳисобига бу рақам тез ўсмоқда. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, пенсияларнинг реал ўсиши нархлар ошишидан орқада қолмоқда. Ҳукумат деярли ҳар йили пенсияларни 15 фоиздан ошириб келаётган бўлса-да, яна ўша инфляциянинг ўсиши ҳисобга олинса, бу чора етарли эмас. Бир сўз билан айтганда, ХДП самарали ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш бўйича берган ваъдаларини бажара олмади, мавжуд қонунчиликни ва тизимни ўзгартириш, реал ўзгаришларга тайёрлаш борасида амалий ташаббуслар билан чиқмади. 

Ижтимоий нафақалар ва кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаш

ХДП ўз ваъдаларида бир неча бор ижтимоий кўмакка муҳтож гуруҳлар учун ижтимоий имтиёзларни кенгайтиришини айтган. Бироқ, ҳақиқий қўллаб-қувватлаш чоралари жуда чекланган ҳолатда қолмоқда. Айрим маълумотларга кўра, ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларнинг атиги 25 фоизи уни тўлиқ олади. Кўп болали оилалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш дастурлари бюрократик тўсиқларга дуч келмоқда ва кўплаб фуқаролар ваъда қилинган имтиёзларни ололмайдилар.

Президент ҳам йиғилишлардан бирида ХДПнинг бу борадаги фаолиятини танқид остига олган, бу партия “ўзини пенсионерлар, кам таъминланган аҳоли қатламлари манфаатлари ҳимоячиси сифатида намоён этувчи ХДП уларнинг турмуш даражасини ошириш, ижтимоий фаоллигини кучайтириш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги иштирокини қўллаб-қувватлаш борасида кўзга кўринарли ташаббуслар билан чиқмаяпти”, деган эди.


Партиялар қандай молиялаштирилади?


Ҳозирги пайтда эса ижтимоий кўмакка муҳтож қишлоқ аҳолисини қўллаб-қувватлаш масаласи ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда. Кўпгина, экспертларнинг фикрича, ХДП чекка ҳудудларнинг эҳтиёжларини эътиборсиз қолдириб, йирик шаҳарларга эътибор қаратмоқда. Ижтимоий ёрдам тақсимотидаги минтақавий номутаносиблик партия ўз ваъдаларини амалга ошира олмаганидан далолат беради. Тўғри, бу борда бошқа давлат ва нодавлат тузилмаларининг ҳам айби бор, бироқ тизимни ва тақсимот механизмини ислоҳ қилиш борасида ХДП ташаббуслари етишмаяпти.

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш

ХДПнинг камбағаллар учун тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш ҳақидаги ваъдалари ҳам амалга ошмади. 2020-2021 йилларда, COVID -19 пандемияси даврида соғлиқни сақлаш тизими, айниқса, шифокорлар ва асбоб-ускуналар тақчиллиги ўта оғир даражага етган қишлоқ жойларида таназзул арафасида эди. Сайловолди ваъдалар – инфратузилмани яхшилаш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш нияти тўғрисидаги баёнотларга қарамай, бу борадаги реал қадамлар минимал бўлди.

Айни пайтда Ўзбекистонда 10 минг аҳоли жон бошига шифокорлар сони бор-йўғи 2,8 нафарни ташкил этади, бу минтақанинг бошқа мамлакатларига нисбатан паст кўрсаткич. Масалан, Қозоғистонда бу кўрсаткич 40 атрофида.

Шунингдек, ХДП соғлиқни сақлашни молиялаштириш миқдорини кўпайтиришга ваъда берган эди, бироқ бу борада самарадорлик кўзга ташланмаяпти. Хусусан, соғлиқни сақлаш учун ажратилган маблағ улуши 2023 ва 2024 йилги давлат бюджетида 22 фоизлигича қолган.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг аксарияти тизимли муаммоларни ҳал қилмасдан, юзаки амалга оширилгани қайд этилади. Масалан, мамлакат соғлиқни сақлаш тизимида тиббий суғурта механизмини жорий этиш масаласи кўтарилганига 2 йилдан ошган бўлса-да, ҳамон сезиларли амалий қадамлар қўйилмади.

Ваъдаларни бажармаслик сабаблари

ХДПнинг сайловолди ваъдаларини бажара олмаслигининг асосий сабаби – молиявий ресурслар, сиёсий мустақиллик ва ироданинг етишмаслигидир. Пандемия ва глобал инқироз туфайли юзага келган иқтисодий муаммолар вазиятни янада кескинлаштирди, албатта. Бироқ экспертлар партия ички интизоми заифлиги ва аниқ стратегия йўқлигига ҳам ўткир муаммо сифатида қарашади. Алал-оқибат, ХДП янги иқтисодий воқеликка мослаша олмади ва сайловчилар билан алоқани йўқотди. Ваъдалар давлат томонидан ҳақиқий ёрдам бўлмаса, шунчаки расмий баёнот ҳолида қолмоқда.

Демак...

Ўзбекистон Халқ демократик партияси узоқроқ тарихга эгалиги, амалда СССРдаги ҳукмрон партия – Коммунистик партиянинг (демакки, унинг тарафдорларининг ҳам) меросхўри бўлгани учун кенг аҳоли қатламларини ўз томонига оғдириб олиш имкониятига эга эди. Зеро, қолган партиялар кейин тузилган ва маълум бир соҳа ёки қатлам манфатларига урғу беради, холос. Бироқ ўтган йиллар мобайнида ХДП худди музлик давридан омон қолмаган динозавр ва мамонтлар каби ўта паст манёвр ҳамда ўзгаришларни намоён қилди. Натижада мавжуд электоратини ҳам йўқотди.

ХДПнинг 2024 йилги сайлов пойгасига ҳам ўз обрўсига путур етказувчи бажарилмаган ваъдалар юки билан кириб келаётгани вазиятни янада оғирлаштиради. Иқтисодий қийинчиликлар, ижтимоий таъминот ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқироз ва заиф гуруҳларни қўллаб-қувватлаш бўйича реал қадамларнинг йўқлиги ХДП риторикасига ишончни камайтириши табиий. Бўлажак сайлов кампаниясида партия нафақат мухолифат, балки ўзи ёрдам бера олмаган, ҳафсаласи пир бўлган сайловчиларнинг танқидига ҳам дуч келиши тайин.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+