platina.uz

Фирибгарлар 2024 йил бошидан буён онлайн кредит олишда фуқароларга 15 млрд сўмлик зарар етказди

Эндиликда онлайн кредит олиш учун ариза юборишда биометрик идентификациядан ўтиш талаб этилади.

Иқтисод
8 октябрь, 12:01
Фирибгарлар 2024 йил бошидан буён онлайн кредит олишда фуқароларга 15 млрд сўмлик зарар етказди

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фирибгарлик йўли билан фуқаролар номига онлайн кредит ажратиш орқали 463 та ҳолатда қарийб 15 млрд. сўм миқдорда моддий зарар етказилган. Бу ҳақда Марказий банк хабар берди.

Ушбу турдаги фирибгарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор ривожланган давлатларнинг тажрибаси ўрганиб чиқилди ва онлайн кредит ажратишда фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш учун Европа Иттифоқи, Австралия ва Россия Федерациясида 14 календар кунлик, АҚШда 3 календар кунлик, Канадада 2 календар кунлик “совиш” даври амалиёти мавжудлиги аниқланди.

Эндиликда фуқаролар кредит ташкилотининг мобиль иловаси орқали кредит ажратиш бўйича ариза юбориш жараёнида биометрик идентификациядан ўтиши талаб этилади.

Ушбу талабнинг ўрнатилиши кредит олиш бўйича ариза фуқаронинг шахсан ўзи томонидан берилганлигини аниқлаш ва унинг шахсига яна бир бор ойдинлик киритиш имконини беради.

Бундан ташқари, фуқаро кредит ташкилоти мобил иловасидан янги рўйхатдан ўтиб ёки мавжуд аккаунтга бошқа қурилмадан кириб, биринчи марта онлайн кредит олганда, мазкур кредит ажратилганидан бошлаб 48 соат давомида кредит ҳисобидан айрим операцияларга (P2P, чет элга пул ўтказмалари, онлайн валюта айирбошлаш ва б.) чекловлар ўрнатилиши белгиланмоқда.

Мазкур тартиб 2024 йилнинг 1 ноябридан 2025 йилнинг 1 апрелига қадар амал қилади.

Вақтинчалик тартибга кўра, кредит ташкилотлари фуқаро кредит олиш учун ариза юборганидан кейин унинг кредит бюролари маълумотлар базасидаги кредит тарихини 2 босқичда (ариза тушгандан сўнг ҳамда кредит маблағлари ажратилишидан олдин) текширишдан (скоринг) ўтказади. Текширув натижасида мижознинг салбий кредит тарихи ёки қарз юки кескин ошгани аниқланса, қисқа давр ичида бир нечта кредит расмийлаштирилган ва қарз юки кескин ошган бўлса, кредит ажратиш рад этилиши ёки бошқа суммада ажратилиши тўғрисида хабар берилади.

Бу эса, фирибгарлар алдовига учган фуқаролар номига бир нечта кредит ташкилотидан кредит маблағлари ажратилишининг олдини олади.

Мазкур чекловларни ечиш учун мижоз 48 соат ичида кредит ташкилоти томонидан юборилган СМС-хабарда қайд этилган телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, кредитни фирибгарлар таъсирисиз олганлигини маълум қилади, кредит ташкилоти ходими эса мижозга қайта боғланиб, берилган маълумотлар тўғрилигини текшириб, қўшимча тасдиқдан ўтказади.

Юқорида қайд этилган чекловлар ажратилган кредит маблағларини фуқаро ўз ихтиёрига кўра нақдлаштиришига ёки товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш каби операцияларига таъсир кўрсатмайди ва бу операциялар ҳеч бир чекловларсиз амалга оширилиши мумкин.

Кредит маблағлари фуқаронинг банк картасига ўтказилгандан кейин пул маблағлари сарфланмаган бўлса, 48 соат ичида кредит олишга ариза мижоз томонидан фирибгарлар таъсирида берилгани аниқланса ёки мижоз қўшимча тасдиқдан ўтишни амалга оширмаса, кредит шартномаси кредит ташкилоти томонидан бекор қилинади ва ажратилган пул маблағлари кредит ташкилоти ҳисобига қайтарилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+