Хоразмда ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи бюджет пулини талон-торож қилгани аниқланди
У жиноий шериги билан биргаликда аҳолига қурилиш моллари етказиб берилгани бўйича ҳужжатларни сохталаштирган.
Хоразмда Тупроққалъа тумани ободонлаштириш бошқармаси собиқ бошлиғига нисбатан суд ҳукми ўқилди. Суд ҳужжати Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Иш жиноят ишлари бўйича Хива шаҳар суди, жиноят ишлари бўйича Тупроққалъа туман суди биносида кўрилди. Маълум бўлишича, судланувчи Б.А, 21.07.2023 йилдан 28.06.2024 йилга қадар Тупроққалъа туман Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, бошқа шахс (унга оид қисми ЖПКнинг 84-моддаси 5-қисми 1-бандига асосан тугатилган) билан олдиндан жиноий тил бириктирган.
Улар бир неча фуқароларнинг уй қурилишига уй қурилишига жами 214 млн. 978 минг 619 сўмлик қурилиш материаллари тўлиқ етказиб берилганлиги юзасидан комиссия аъзолари иштирокида ҳисоб варақ - фактуралар далолатномаларни расмий ҳужжат эканлигини била туриб, уларга сохта маълумотларни киритиш йўли билан сохталаштирган. Натижада 30 млн. 14 минг 138 сўмлик материалларни қўшиб ёзиб, давлат бюджет маблағларини ҳужжатларни сохталаштириш орқали ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган.
Суд муҳокамасида судланувчи Б.А айбига иқрорлик билдириб, енгиллик сўраган.
Суд якуний ҳукмига кўра, собиқ мансабдорга узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдори (340.000 сўм)нинг 75 (етмиш беш) баравари миқдорида, яъни 25.500.000 (йигирма беш миллион беш юз минг) сўм жарима жазоси тайинланди. Жиноят натижасида етказилган зарар тўлиқ бартараф қилинган.
Суд иши Олий суд очиқ порталидан олинди.