"Пахтакор" спорт директори Шуҳрат Мақсудов жаримага тортилди
У "Навбаҳор" клуби расмийларга нисбатан ўзини номақбул тутиб, ҳақоратли сўзлар ишлатиб, тартибсизлик содир этган. ЎФА яна бир қатор жамоаларга ҳам чора кўрди.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сўнгги турлар доирасида бўлиб ўтган учрашувлардаги интизомий ишлар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Кубоги 1/2 финали доирасидаги «Пахтакор» — «Навбаҳор лочинлари» учрашуви биринчи бўлимидан сўнг «Пахтакор» футбол клуби спорт директори Шуҳрат Мақсудов трибуна ости йўлакчасида меҳмон жамоа расмийларга нисбатан ўзини номақбул тутиб, ҳақоратли сўзлар ишлатиб, тартибсизлик келтирган ҳолати қайд этилган.
Тартиб-интизом қўмитаси қарорига кўра, Шуҳрат Мақсудовга (Пахтакор) нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.
Суперлига чемпионатининг 18-тури доирасидаги «Қизилқум» — «Сўғдиёна» учрашувининг 87-дақиқасида «Сўғдиёна» футбол клуби футболчиси Жасурбек Ёқубов бош ҳакам қарорига нисбатан эътироз билдириб, сариқ карточка олган ҳолати қайд этилган.
Тартиб-интизом қўмитаси қарорига кўра, Жасурбек Ёқубовга (Сўғдиёна) нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.
«Локомотив» — «Навбаҳор лочинлари» учрашуви 67-дақиқасида «Локомотив» футбол клуби футболчиси Жасур Ҳакимов рақиб ўйинчисининг бош қисмига тирсаги билан зарба бергани учун майдондан четлаштирилган.
Тартиб-интизом қўмитаси қарорига кўра, Жасур Ҳакимовга (Локомотив) нисбатан 3 та ўйинга четлаштириш (дисквалификация) ва жарима интизом чоралари қўлланилди.
Суперлига чемпионатининг 19-тури доирасидаги «Сурхон» — «Бунёдкор» учрашувининг 90+1-дақиқасида «Бунёдкор» футбол клуби футболчиси Ҳамидулло Абдунабиев ўйин вақтини атайин чўзиб, сариқ карточка олган ҳолати қайд этилган. «Бунёдкор» футболчиси Шахбоз Жўрабоев ўйин вақтини атайин чўзгани учун жазоланди.
Тартиб-интизом қўмитаси қарорига кўра, Шахбоз Жўрабоевга (Бунёдкор) нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди. Учрашувнинг 90+1-дақиқасида «Бунёдкор» футбол клуби футболчиси Андрижа Филипович бош ҳакам қарорига нисбатан эътироз билдириб, сариқ карточка олган ҳолати қайд этилган.
Тартиб-интизом қўмитаси қарорига кўра, Андрижа Филиповичга (Бунёдкор) нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.
Шунингдек, яна бошқа жамоаларга ҳам жазолар ва чоралар қўлланилди.