Отабек Умаров Осиё олимпия кенгаши директори билан учрашди
Учрашув пойтахтдаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида ташкил этилди.Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди.
Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров Осиё Олимпия кенгаши директори, Бутунжаҳон сузиш федерацияси президенти Ҳусайн Ал Мусаллам билан учрашди.
Мартабали меҳмон пойтахтдаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида расмийлар билан учрашув ўтказди.
Унда Спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов иштирок этишди.
Жаноб Мусаллам даставвал ўрганиш ишлари бўйича ўз хулосалари билан ўртоқлашди. Унда тайёргарлик яхши кетаётгани, Олимпия шаҳарчасидаги қурилиш ишлари бир маромдалиги, шунингдек, ташкилий ишлар ҳам кўнгилдагидек йўлга қўйилганини таъкидлади. Шунингдек, эътибор қаратилиши керак бўлган қатор масалалар бўйича ҳам ўз тавсияларини бериб ўтди.
Суҳбат давомида томонлар ўзаро ҳамкорликнинг кейинги босқичига оид қатор истиқболли режаларни кўриб чиқишди.
Шундан сўнг Ал Мусаллам замонавий қиёфа очган музей билан яқиндан танишди. Унда меҳмонга ўзбек спортининг шонли тарихи, бугунги кундаги муваффақиятлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Якунда у фахрий меҳмонлар китобига ўз дил изҳорларини ёзиб қолдирди.
Шунингдек, у Олимпия шаҳарчасида бўлиб, қурилиш ишларининг бугунги ҳолатини ўрганди. Унга МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда қурилиш ишларига масъул Хитойнинг SAMS Engineering компанияси вакиллари ҳамроҳлик қилишди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида ташкилий ишлар бўйича учрашув ўтказилди. Йиғилишда Тошкент-2025 дирекцияси ходимлари Ўйинларга тайёргарлик юзасидан тақдимотни намойиш қилишди.
Унда олиб борилаётган катта ҳажмдаги ҳозирлик, Ўйинлар дастурига киритиладиган спорт турлари ва улар ўтказиладиган объектлар, делегацияларнинг таҳминий сони, транспорт-логистика масаласи ва шу каби ташкилий мавзулар ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ўз ўрнида, Ҳусайн Ал Мусаллам тақдимот юзасидан фикр билдирар экан, анти-допинг, виза ва авиақатновлар тўғрисида ҳам тўхталиб, ушбу йўналишларни ҳам батафсил ўрганиш кераклиги юзасидан фикр билдирди.