Мудофаа вазири Ўқ отиш федерацияси раиси бўлди
Федерациянинг асосий эътибори Лос-Анжелесда ўтадиган олимпиада ўйинларига лицензияларни ва совринли ўринларни қўлга киритишга қаратилади.
Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳамедов Ўқ отиш спорти федерацияси раиси этиб сайланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Миллий олимпия қўмитаси мажлислар залида ўтган федерациянинг навбатдан ташқари конференсиясида мудофаа вазиридан ташқари спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров ва бошқа расмийлар қатнашди.
Йиғилишда:
- аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур инфратузилма ва қулай шарт-шароитлар яратиш;
- ўқ отиш спорт турини янада ривожлантириш, мамлакат спортчиларининг халқаро спорт майдонларида муносиб иштирокини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Федерация амалга оширган ишлари юзасидан ҳисобот берди.
Федерация раиси ҳудудларда замонавий инфратузилмага эга ва замон талабларига мос жиҳозлар билан таъминланган ўқ отиш бинолари бунёд этилиши, спортчилар замонавий ускуналар билан таъминланиши ва келгусида ҳарбийлар ўртасида ўқ отиш спорт тури бўйича “Мерган кубоги” ва ёшлар ўртасида мамлакат биринчилиги ўтказилишини маълум қилди.
Бундан ташқари, федерациянинг асосий эътибори Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган олимпиада ўйинларига лицензияларни қўлга киритиш ҳамда спортчиларимизнинг совринли ўринларни эгаллашига қаратилади.