Отабек Умаров Осиё олимпия кенгаши вице-президенти этиб сайланди
У Марказий Осиё минтақасида олимпизм ривожига масъул бўлади.
Отабек Умаров Осиё Олимпия кенгашининг Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти этиб сайланди.
Айни пайтда Ҳиндистоннинг Ню-Дели шаҳрида Осиё Олимпия кенгаши (ООК)нинг 44-Бош Ассамблеяси ўтказилмоқда.
Ассамблея кун тартибига мувофиқ, ташкилотнинг раҳбарлик лавозимларига сайловлар бўлиб ўтди. Ташкилотни вақтинчалик бошқариб бораётган Ража Рандхир Сингх ООК Президенти этиб сайланди.
Шунингдек, 5 та минтақага вице-президентлар овоз бериш йўли билан аниқлаб олинди.
Отабек Умаров Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Эрон ва Афғонистондан иборат Марказий Осиё минтақаси бўйича ташкилот вице-президенти этиб сайланди.
Бунгача Отабек Муҳаммадалиевич муддати қисқа бўлган давр – Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинларини ўтказиш бўйича вице-президент эди.
Бу вақтинчалик лавозим мусобақа якунигача амал қилса, Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президентлик доимий характерга эга ва у бутун қитъадаги 5 минтақадан бирида Олимпизм ривожига масъул бўлади.