Иорданияда АҚШлик аскарлар ҳалок бўлди

Байден бунга кескин муносабат билдириб, "жавоб албатта бўлиши"ни айтди.

Жаҳон
29 январь, 15:43
Иорданияда АҚШлик аскарлар ҳалок бўлди

Иорданияда уч нафар америкалик аскар ҳалок бўлди, шунингдек яна ўнлаб кишилар жабрланди. АҚШ президенти Жо Байден шанба оқшомида уюштирилган Сурия чегараси яқинидаги ҳужумга изоҳ бераркан, Вашингтон бунга “жавоб бериши”ни айтди.

Бу ҳужумда жами қурбонлар сони 3 кишини, яраланганлар сони 34 кишини ташкил қилган. Ҳалок бўлганлар чодирда ухлаб ётган, ярадорларнинг бир қисми эса мамлакатдан эвакуация қилинган.

Байден Эрон томонидан қўллаб-қувватланаган жангариларни АҚШнинг Яқин Шарқдаги кучларига зарба беришда айблади. Минтақада хавф кучаяр экан, АҚШ расмийлари ҳужум учун масъул гуруҳни аниқлаш устида ишламоқда.

Ҳозирча Ироқ ва Сурияда фаолият юритаётган, Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ироқдаги Исломий Қаршилик гуруҳи, "худкушлик" ҳужуми учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Гуруҳ Ғазода уруш бошланганидан бери Ироқ ва Суриядаги АҚШ қўшинлари жойлашган базаларга ўнлаб ҳужумлар учун ҳам жавобгарликни бўйнига олган.

Жо Байденнинг сайловдаги рақиби Доналд Трамп бу ҳолатга нисбатан: "Қўшма Штатларга қилинган бу шафқатсиз ҳужум Жо Байден заифлиги ва таслим бўлишининг яна бир даҳшатли натижасидир" дея изоҳ берди.

АҚШ қўшинлари узоқ вақтдан бери Иорданиядан Ироқ, Исроил, Ғарбий Соҳилдаги Фаластин ҳудуди, Саудия Арабистони ва Сурия билан чегарадош таянч нуқтаси сифатида фойдаланиб келади.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, Иорданияда 3000 га яқин америкалик аскарлар жойлашган.

Ғазода уруш бошланган кундан бери Эрон томонидан қўллаб-қувватланган жангарилар Американинг Ироқдаги ҳарбий объектларига 60 мартадан ортиқ, Сурияда эса 90 мартадан ортиқ дронлар, ракеталар, миномётлар ва баллистик ракеталар билан зарба берган.

Якшанба кунги ҳужум  Иорданиядаги АҚШ аскарларини нишонга олган ва америкаликларни ўлдирган биринчи ҳужум бўлди. Иордания шу вақтга қадар Ғарбнинг ишончли иттифоқчиси ва Қуддусдаги муқаддас қадамжоларни назорат қилишда муҳим куч дея таъкидлаб келинган. 

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+