Шавкат Мирзиёев Хитой бош вазири ва қатор амалдорлар билан учрашди

Президент ташрифининг асосий тадбирлари бошланди. 

Сиёсат
24 январь, 11:04
Шавкат Мирзиёев Хитой бош вазири ва қатор амалдорлар билан учрашди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев рафиқаси билан бирга давлат ташрифи билан Хитойга келди ва қатор учрашувлар ўтказди.

Президентни ХХР маданият ва туризм вазири Сун Ели ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифини ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян билан учрашувдан бошлади.

Халқ йиғинлари уйида ўтган учрашувда кўп қиррали амалий ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

ХХР ҳукумати раҳбари икки мамлакат етакчиларининг сиёсий иродаси ва биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон-Хитой муносабатлари барча соҳа ва йўналишларда мисли кўрилмаган даражага кўтарилганини қайд этди.

Ўтган йилда товар айирбошлаш 50 фоизга ошиб, рекорд кўрсаткич – 14 миллиард долларга етди. Бу кўрсаткични, шу жумладан юқори сифатли саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ҳисобига 20 миллиард долларга етказиш учун салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган инвестицияларнинг умумий ҳажми 14 миллиард доллардан ошди.

Инфратузилмани модернизация қилиш, саноат кооперациясини, қишлоқ хўжалигида технологиялар трансферини кенгайтириш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш бўйича алоҳида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Хитойнинг етакчи банк-молия институтлари билан амалий ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда Хитой компанияларининг мамлакатимиздаги хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этиши истиқболлари кўриб чиқилди.

22 январь куни Урумчи шаҳрида ўтган биринчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлар форуми ва саноат кўргазмаси натижалари юқори баҳоланди.

Хитойда шу кунларда таълим форуми ва Ўзбекистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилаётгани қайд этилди. Томонлар авиақатновлар ва сайёҳлик алмашинувини янада кенгайтириш муҳимлигини таъкидладилар.

Якунда Мирзиёев ХХР Давлат кенгаши Бош вазирини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.

24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга давлат ташрифи доирасида Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи билан учрашув ўтказди.

Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баробар, қўшма корхоналар сони уч баробар ошди.

Ҳудудлараро кооперация кенгайди, 22 январь куни Урумчи шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Ўзбекистон-Хитой ҳудудлар форумининг самарали натижалари бундан далолат бермоқда.

Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш борасидаги тажрибаси фаол жорий қилинмоқда.

Учрашувда мамлакатимиз техник йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш марказларини ташкил этиш, Хитойнинг ижтимоий ҳимоя ва суғурта, аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш борасидаги тажрибасини ўрганишдан манфаатдор экани таъкидланди.

Парламентлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ва “Ўзбекистон-Хитой” дўстлик гуруҳларини фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Олий даражадаги келишувларнинг амалга оширилиши устидан таъсирчан парламент назоратини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди, дейилади хабарда.

telegram
telegram

Телеграмда кузатиб боринг!

Platina
© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+