Ўзбекистонлик биофармацевтика мутахассислари Хитойда малака оширди
Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти Пекиндаги халқаро дастурида малака оширди. Ўқув машғулотларида гериатрия — кекса ёшдаги инсонлар саломатлиги ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ мавзулар ҳам қамраб олинди.

Ўзбекистонлик биофармацевтика мутахассислари Хитойда малака оширди.
Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Миллий биофармацевтика илмий-тадқиқот институти (МБФИТИ) мутахассислари 1–21 сентябрь кунлари Хитойнинг Пекин шаҳрида ўтказилган "Кенг тарқалган касалликларни даволашда анъанавий Хитой тиббиётини (TCM) стандартлаштирилган қўллаш ва мос технологиялар бўйича ўқув курси" халқаро дастурида малака оширди.
Дастур давомида иштирокчилар анъанавий Хитой тиббиётидаги ёндашувлар, уларни қўллаш тартиблари ҳамда ривожланаётган мамлакатлар учун мос технологиялар билан танишди.

Машғулотларда назарий билимларни амалий кўникмалар билан мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Семинарнинг дастлабки қисмида ташкилотчи компаниянинг ташкил топиши ва ривожланиш тарихи, асосий фаолият йўналишлари ҳамда таркибий бўлимлари ҳақида тақдимот ўтказилди. Шунингдек, компаниянинг анъанавий Хитой тиббиёти йўналишидаги илмий-амалий ишланмалари ва мавжуд имкониятлари тўғрисида маълумот берилди.
Ўқув машғулотларида гериатрия — кекса ёшдаги инсонлар саломатлиги ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ мавзулар ҳам қамраб олинди.
МБФИТИ мутахассислари анъанавий Хитой тиббиётида қўлланиладиган куппинг, яъни банка қўйиш, ҳамда моксибусия каби усулларга оид ёндашувларни ўрганди.
Хусусан, маърузачи Ли Ян томонидан ўтказилган "Хитой тиббиётида бамбукли банка терапиясининг клиник қўлланилиши" мавзусидаги машғулотда мазкур усулнинг ўзига хос жиҳатлари, қўллаш техникаси ва клиник амалиётдаги ўрни ҳақида маълумот тақдим этилди. Иштирокчилар мавзуга оид назарий тушунчаларини кенгайтириб, амалий техникалар билан яқиндан танишди.
Ташриф доирасида институт вакиллари Хямен шаҳридаги Анъанавий Хитой тиббиёти музейида ҳам бўлди. Музей экспозициялари орқали Хитой табобатининг шаклланиши, асрлар давомида босиб ўтган ривожланиш йўли ҳамда замонавий тиббиёт амалиётидаги ўрни ҳақида маълумот олинди.
Доривор ўсимликлардан фойдаланиш тажрибаси, қадимий тиббий манбалар, анъанавий даволаш усуллари ва тарихий экспонатлар мутахассисларга ушбу йўналишнинг тарихий-маданий меросини кенгроқ англаш имконини берди. Танишув давомида анъанавий билимларни илмий ёндашувлар асосида ўрганиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
МБФИТИ ёшлари сафар давомида илмий машғулотлар билан бир қаторда, ватандошларни бирлаштирган маънавий-маърифий тадбирда ҳам қатнашди. Пекинда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб ташкил этилган тадбир доирасида "Заковат" интеллектуал ўйини ўтказилди.
Олти жамоа беллашган баҳсларда институтнинг ёш мутахассислари "Ватандошлар" жамоаси сафида иштирок этди. Улар билим, мантиқий фикрлаш, топқирлик ва тезкор қарор қабул қилиш талаб этилган синовларда ўз салоҳияти ҳамда жамоавий ҳамжиҳатлигини намоён қилди




