platina.uz

Пойтахтдаги ёмон экологик вазият юзасидан шаҳар ҳокимлиги “тилга кирди”

Унда айтилишича, "кескин қарор"ларни ўз ичига олувчи дастур тузилмоқда. 

Жамият
17 январь, 14:25
Пойтахтдаги ёмон экологик вазият юзасидан шаҳар ҳокимлиги “тилга кирди”

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтдаги оғир экологик вазият юзасидан баёнот билан чиқди. Унда айтилишича, ҳолат юзасидан дастур ишлаб чиқилмоқда.

"Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда пойтахтда экологик вазият ёмонлашаётгани, ҳаво ифлосланиши, йўлларда тирбандликлар кўпайиб бораётгани кенг муҳокама бўлмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан пойтахтдаги вазиятни яхшилаш мақсадида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилмоқда.

Бунда энг аввало экологик барқарорликни таъминлаш, ҳавога чиқаётган маиший чиқиндиларни камайтириш, жамоат транспорти тизимини ҳам сифат, ҳам сон жиҳатдан яхшилаш, йўлларда устуворликни машиналарга эмас, энг аввало пиёдаларга, ундан сўнг жамоат транспортига беришга қаратилган инфратузилмани яратиш ва шу каби бир қатор ўзгаришларни амалга ошириш режалаштирилмоқда" дейилади унда.

Экологик ҳолатни яхшилаш ва аҳоли саломатлигини асраб-авайлаш мақсадида айрим кескин қарорларни қабул қилиш талаб этилиши таъкидланган.

"Шу сабабли мазкур қарорлар келгусида салбий оқибатларни келтириб чиқармаслиги учун илмий тадқиқотлар ҳамда таҳлилларга асосланган бўлиши зарур.

Айни кунларда шаҳар ҳокимлиги ҳузурида ҳар бир йўналиш бўйича, маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда, ишчи гуруҳлар фаолият олиб бормоқда. Ҳар бир ишчи гуруҳнинг таҳлилий хулосалари асосида пойтахт миқёсида қилинадиган амалий чоралар ҳақида тақдимот тайёрланмоқда.

Тез орада ушбу тақдимот кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади" дея таъдкилаган ҳокимлик.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда Тошкент чанг-тўзон ҳодисалар кўпаймоқда, ҳатто аҳолига ниқоб тақиш тавсия этилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+