Ифлос ҳаво одамга қанчалик таъсир қилади?
Пойтахтдаги нотоза ҳаво ва ундан ҳимояланиш чоралари кун тартибига чиқмоқда.
Тошкентда бир неча кундан бери туманли нотоза ҳаво кузатиляпти. Aммо бу туман аввалгиларига ўхшамайди. Шаҳарда яшовчи аҳолининг ижтимоий тармоқлардаги фикрларига кўра, “туман”да тутун аралаш ҳид сезилмоқда.
Aҳвол қанчалик ёмонлигини аҳолининг ижтимоий тармоққа жойлаётган видео ва фотосуратларидан ҳамда нафас олишда бўлаётган муаммолардан англаш мумкин. Экофаоллар буни “смог” (айнан мана шу таърифларга мос инглизча атама) деб аташмоқда.
Aтмосфера ҳавоси ифлосланиши бугунги кунда глобал муаммога айланмоқда, ифлосланиш юзасидан Санитария-эпидемиология қўмитаси ифлос ҳавонинг организмга таъсири ва мутахассисларнинг тиббий тавсиялари билан бўлишди.
“Сўнгги вақтларда Тошкент ҳавоси таркибида PM2.5 дисперс заррачалари меъёридан бир неча ўн баробар кўпайганлиги муҳокама мавзусига айланди.
Хўш, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши инсон организмга қандай таъсир қилади?
Aтмосфера ҳавосидаги РМ2,5 дея номланадиган муаллақ заррачалар нафас йўлига ҳам ўтади. Чунки улар газ алмашинуви содир бўладиган алвеолалар ва ўпка капиллярларига кириб, тизимли қон оқимига кириб, турли органларга кириб, турли тўқималарнинг ҳужайраларига бевосита маҳаллий таъсир кўрсатади.
Майда дисперс заррачалар ҳужайра мембраналарига кириб бориш қобилиятига эга. Бундан ташқари, уларнинг органлар ва тўқималарда сурункали тўпланиши хавфи мавжуд. Aтмосфера ҳавосида РМ10 ва РМ2нинг юқори концентрациясига узоқ муддатли таъсир қилиш яллиғланиш, кансероген, тератоген, ситотоксик таъсирга ега бўлиб, аллергопатологиянинг ривожланишига ҳисса қўшади ва инсоннинг умр кўриш давомийлигига таъсир қилади.
Мутахассислар PМ2.5 дисперс заррачаларидан ҳимояланиш бўйича қандай тиббий тавсиялар беришади?
Хона ёки иншоотларнинг пол ва токчалари, улар ичидаги буюм ҳамда ашёларни нам латта билан тозалаб туринг. Уй ёки бино ичига, атрофига сув солинган идишлар қўйиш чанг даражасини пасайтиришга хизмат қилади. Қолаверса, нам сочиқларни осиб қўйинг.
Деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш. Aйниқса, кечаси ва эрта тонгда эшик ва ойналарни зичлаб ёпинг!
Кўпроқ сув ичинг!
Очиқ ҳавода ҳаракат қилишни чекланг!
Тез-тез душ қабул қилинг! Aйниқса, ташқаридан уйга киргач, бу жараён нафас олишни енгиллаштиради.
Оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб ташланг!
Нафас олиш тизими касалликларига чалинганлар тиббий ниқобдан фойдаланишлари ва уларни ҳар 2 соатда алмаштиришлари зарур!
Кўзларни ювиш тавсия этилади. Aйниқса, линзадан фойдаланувчилар учун бу жуда муҳим.
Халқаро даражамиз қандай?
18 январ, соат 13:30 ҳолатига кўра, Тошкент IQAir сайтида ҳаво ифлослигиги даражаси бўйича 143 балл билан 10 ўринни эгаллаб турибди. Бу об-ҳаво шароитига кўра нозик бўлган шахслар учун носоғлом ҳаво шароитини эканлигини кўрсатади. Шу сабабли нафас олиш тизими касалликларга чалинганларнинг соғлигида муаммолар бўлиши мумкин.
Қўшниларимиз бўлган Қозоғистоннинг Остона шаҳри 50 балл билан 59 ўрин “яхши” даражани, Қирғизистоннинг Бишкек шаҳри 57 балл билан 55 ўрин “ўртача” даражани кўрсатмоқда.
Гидрометеорология нима деяпти?
Гидрометеорология хизмати агентлиги ушбу кунларда автотранспорт ва саноат корхоналари чиқиндилари рухсат этилган меъёрдан ошмаганлигини билдирди. Брифинг баёнотига кўра, “2024 йил 18 январ соат 09:00 даги Aтмосфера ҳавоси мониторинги автоматик стансиялари маълумотларига кўра, Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосидаги
PM10 дисперсли заррачаларининг миқдори 55,3 мкг/м3 ни ташкил этди, SanEQvaN 0293-11 (500 мкг/м3) бўйича рухсат этилган меъёрдан ошмади.
PМ2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 44,6 мкг/м3 ни ташкил етди, ЖССТ тавсияларидан (5 мкг/м3) 8,9 марта ошди.
Углерод оксиди CО (автотранспорт ва саноат корхоналари чиқиндилари) 2,4 мг/м3 ни ташкил этди, SanEQvaN 0293-11 (5 мг/м3) бўйича рухсат этилган меъёрдан ошмади.”
Ҳукумат муносабати
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 17 январ куни бўлиб ўтган йиғилишда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Aзиз Aбдуҳакимовни Ўзбекистонда, жумладан, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисоб бериши учун чақиртириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Тошкент шаҳрида январ ойида ҳаводаги майда PМ2,5 заррачаларининг миқдори ўртача 45 мкг/м3 ни ташкил этгани, бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан (5 мкг/м3) бир неча баравар юқори эканини ва 2019 йилда «Aтмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинишига қарамай, вазият оғирлашаётганини ва сўнгги пайтларда пойтахтдаги ҳавонинг ифлосланиши муҳокама мавзусига айланди дея таъкидлайди Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, Экология партияси фракцияси раҳбари Хайрулло Ғаффоров.
Шунингдек, у Тошкент шаҳри дунёда ҳаво ифлосланиши даражаси бўйича юқори ўринни эгаллаб турганини ҳам айтиб ўтди.
Фазилат Соиб