Қорақалпоғистон ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилади

Шавкат Мирзиёев республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлили ва келгуси вазифалар муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.

Сиёсат
10 январь, 20:37
Қорақалпоғистон ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилади

Мутасаддилар Қорақалпоғистонни ишсизликдан холи ҳудудга айлантириш учун барча имкониятлар борлигини қайд этиб, бу борадаги чора-тадбирларни белгилаб олди.

Шавкат Мирзиёев 10 январ куни Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ишлар таҳлили ва келгуси вазифалар муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.

Йиғилишда 2023 йилда қилинган ишлар кўриб чиқилиб, 2024 йилга мўлжалланган вазифалар муҳокама қилинди. Хусусан, саноат ҳажми 23 триллион сўмга етказилиб, 2 триллион сўмлик янги қувватлар яратилади. Тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари тармоқларида 5 триллион сўмлик 24 та йирик лойиҳа ишга туширилади.

2024 йилда ҳудудга 2 миллиард 100 миллион доллар хорижий инвестиция жалб этилиши мўлжалланган. Бунинг эвазига саноатда 206 та, хизмат кўрсатиш соҳасида 240 та, қишлоқ хўжалигида 34 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Уларда 13 мингга яқин юқори даромадли иш ўрни очилади.

Қорақалпоғистонда ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа хизматлар изчил ривожланмоқда. Имкониятлардан самарали фойдаланиб, жорий йилда экспорт ҳажмини 160 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.

Қишлоқ хўжалигида ер унумдорлигини ошириш учун хорижий грант жалб қилинади. 6 минг гектар ерга сув тежовчи технология жорий қилиниб, 31 минг гектар лазерли текисланади. Маҳаллалар инфратузилмаси ва хонадонлар таъмирланади. Юқори технологик тиббий хизматга муҳтож беморлар даволанишига 2,3 миллиард сўм йўналтирилади.

Шу билан бирга, фуқаролар ташаббуси асосидаги лойиҳаларга 182 миллиард сўм, йил давомида маҳаллий бюджетдан яна 40 миллиард сўм ажратилади. Кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш дастурлари доирасидаги лойиҳаларга 10 триллион сўм берилади.

Президент Қорақалпоғистонда туризмни, айниқса, унинг эко, этно, зиёрат йўналишларини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш, туризм кластери ташкил этиш ва соҳага хорижий экспертларни жалб қилиш юзасидан топшириқ берди. Нукус аэропортини ривожлантириш ва авиақатновларни кўпайтириш, янги меҳмонхоналар қуриш, музейларни модернизация қилиш, йўл бўйи хизматларини кенгайтириш вазифалари кўрсатиб ўтилди.

Германия, Жанубий Корея, Япония ва Туркиядан мутахассисларни таклиф этиб, ёшларни чет тили, ахборот технологиялари, дизайн, меҳмонхона хизмати каби 17 турдаги замонавий касбларга ўқитиш муҳимлиги таъкидланди.

Маълумот ўрнида, сўнгги 7 йилда ҳудудда мисли кўрилмаган ўзгаришлар рўй берди. Авваллари 15 та тумандан 12 таси дотацияда бўлган Қорақалпоғистон бугунги кунга келиб, ўз даромадига эга бўлган ҳудудга айланди. Хусусан, 15 триллион сўм инвестиция ҳисобига 5 минг 300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Орол денгизининг қуриган ҳудуди ўрнида 1 миллион 800 минг гектар яшил ўрмонзор барпо этилди. 51 минг оиланинг уй-жой шароити яхшиланди, 401 та маҳаллада қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди. Аҳолининг турмуш даражаси ошди.

Қорақалпоғистонда бизнес юритиш учун бошқа ҳеч бир ҳудудга берилмаган имтиёзу имкониятлар тақдим этилган. Хусусан, жозибадор бизнес муҳити ва ҳудуд аҳолисига қўшимча қулайлик яратиш мақсадида фойда, айланмадан солиқ, ер ва мол-мулк солиқлари 2 баравар пасайтирилган, ижтимоий солиқ 1 фоиз қилиб белгиланган. Натижада тадбиркорлар ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм қолмоқда.

Бу ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида сўнгги икки йилда Қорақалпоғистонда саноат, қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга доир 7 та фармон ва қарор қабул қилинди. Бу мақсадлар учун 400 миллион АҚШ доллари ва 250 миллиард сўм ажратилди.

Иқтисодиёт тармоқлари ва вилоятлар билан ҳамкорликда Оролбўйининг шаҳар ва туманларида кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+