platina.uz
Жамият

Саида Мирзиёева Қорақалпоғистон бўйлаб турли тадбирларда қатнашди

Умуммиллий “Саломатлик марафони”да қарийб 12 минг нафар фуқаро кўрикдан ўтди. Нукусдаги модернизация қилинган сув тозалаш иншооти ва замонавий мактаб ҳам бориб кўрилди. 

Саида Мирзиёева Қорақалпоғистон бўйлаб турли тадбирларда қатнашди

Саида Мирзиёева Қорақалпоғистонда умуммиллий “Саломатлик марафони”да қатнашди. Бу ташаббус — инсоннинг ўзи ва яқинлари соғлиғига эътиборни одатий ҳаёт тарзига айлантиришга қаратилган.

Нукус шаҳридаги 12 та оилавий поликлиника ва 3 та жамоат масканида аҳоли диагностикадан ўтказилмоқда.

Шунингдек, беморларни йўналтириш ва рақамлаштириш тизими жорий этилмоқда.

Шифокорларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари ва AI TOP-3 CDCC, Muxlisa Med AI, AI Mammo сингари сунъий интеллект ечимлари жорий этилиши натижасида янада тезкор ва аниқ тиббий ёрдам кўрсатиш имкони яратилмоқда.

Атиги тўрт кун ичида қарийб 12 минг нафар фуқаро кўрикдан ўтди, шуьлардан 1 700 дан ортиғи чуқур текширувлардан ўтказилди, 116 нафари эса даволанишга йўналтирилди.

"Шунингдек, Қорақалпоғистон тиббиёт институти болалар жарроҳлиги бўлимида мураккаб операцияларни бошдан кечирган кичик беморлар билан учрашиб, суҳбатлашдик. Уларнинг матонати ва самимий табассумлари беихтиёр ҳар биримизни таъсирлантирди.

Иккита янги лойиҳа ишга туширилди — рақамли оилавий паспортни жорий этишга асосланган “Оилавий саломатлик мактаби” ҳамда ёшлар кўмагида аҳоли тиббий саводхонлигини оширишни кўзда тутувчи “Саломатлик волонтёрлари” шуьлар жумласидан", дея ёзади Мирзиёева.

Шунингдек, Мирзиёева Нукусда қад ростлаган янги, замонавий 55-мактабнинг очилиш маросимида иштирок этди.

Ушбу мактаб 870 нафар ўқувчига мўлжалланган бўлиб, унинг биносида Рақамли авлод маркази ва болаларни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган кўплаб тўгараклар иш бошлади. Мажмуа таълимга янгича ёндашув намунасидир — болаларни шубҳасиз жалб қилувчи бу масканда замонавий технологиялар ҳамда келажак сари ажойиб старт нуқтаси мужассам. Тўрткўл туманида ҳам яна бир янги, 77-мактаб очилди.

Нукус шаҳридаги “Жекетерек” маҳалласида тўлиқ модернизация қилинган ва кенгайтирилган сув тозалаш иншоотини бориб кўрилди. Ушбу иншоот ичимлик сувининг сифатини сезиларли даражада яхшилаш имконини беради. Шунингдек, сув хўжалиги, ичимлик ва оқова сув соҳаларида амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар тақдимоти билан ҳам танишилган.

Аҳоли саломатлиги муҳофазаси — доим комплекс ёндашувни талаб этади ва бунда сифатли озиқ-овқат, мусаффо ҳаво, тоза сув муҳим омил ҳисобланади. Янги сув тозалаш иншооти 71 та маҳаллага, яъни қарийб 350 минг нафар аҳолига ҳамда мактаб ва шифохона каби ижтимоий соҳа объектларига тоза сув етказиб бериш имконини яратади.

Лойиҳа Республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиб, ўзбекистонлик муҳандислар томонидан амалга оширилди.

"Нукусда, шунингдек, мутасаддилар билан янги инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини муҳокама қилдик.

Қорақалпоғистон секин-аста фаол иқтисодий ҳудудга айланмоқда. Икки йилда 64 та инвестиция лойиҳаси ишга тушгани натижасида 5 мингдан зиёд аҳоли ишли бўлган. Янги лойиҳалар Қорақалпоғистонда саноат, логистика, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиради. Яқин йилларда қиймати 2 миллиард долларга яқин яна 27 та лойиҳа йўлга қўйилади, салкам 10 минг киши иш билан таъминланади.

Менга ҳудуддаги газ, йўл қурилиши ва бизнесни ривожлантириш бўйича дуч келинаётган муаммолар ҳақида ҳам ахборот беришди. Биргаликда улар бўйича ечимларни кўриб чиқдик", дея ёзган Президент Администрацияси раҳбари.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid