Қорақалпоғистонда марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилашга 2,2 трлн сўм йўналтирилади
Ичимлик суви ва канализация тармоқлари, сув тақсимлаш ва тозалаш иншоотлари ҳамда йўл қурилиши лойиҳаларига 200 млн доллар жалб қилиниши белгиланди.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни АҚШнинг Вашингтон шаҳрига амалий ташрифдан сўнг Тошкентга қайтиб келгач, Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари бўйича йиғилиш ўтказди.
Қорақалпоғистон ўзининг улкан майдони ва қазилма бойликлар захираси билан катта иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятга эга. Хусусан, 270 миллион тонна цемент, 256 миллион куб метр қурилиш ва пардозбоп тошлар, 200 миллион тонна оҳак, 31 миллион куб метр керамзит, 30 миллион куб метр қурилиш қумлари, 27 миллион куб метр ғишт хомашёси, 6,9 миллион тонна шиша, 6,5 миллион тонна гипс, 4,3 миллион тонна вермикулит захиралари аниқланган.
Шу билан бирга, шаҳар ва туманлар, овуллар ўртасидаги масофа узоқлиги ҳар бир ҳудуднинг солиштирма устунлигидан унумли фойдаланиб, аниқ ҳисоб-китоб билан ишлашни тақозо этади. Умуман, қаерда соғлом муҳит, қулай шароит, адолатли ва шаффоф тизим бўлса, тадбиркор ўша жойда ишлашни хоҳлайди, инвестор ҳам ана шундай ҳудудга маблағ тикади.
Тақдимотда сўнгги йилларда Қорақалпоғистон иқтисодиётида сезиларли ўзгаришларга эришилгани қайд этилди. Жумладан, 8 йил олдин ҳудуд иқтисодиёти жон бошига ҳажм бўйича энг охирги ўринда бўлган бўлса, бугун 7-ўринга кўтарилди. Саноат маҳсулотининг атиги 4 фоизи экспортга чиққан бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 30 фоизга етди. Умумий экспорт 2016 йилга нисбатан 3,5 карра ошиб, 2,1 миллиард доллар бўлди.
Келгуси 5 йилда ҳудуд иқтисодиётини 102,5 триллион сўмга (2025 йилда 54,3 триллион сўм бўлган), жон бошига эса 51 миллион сўмга етказиш, саноат ва хизматлар соҳасида 7,2 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Барча имкониятларни ишга солиб, саноат, хизматлар ва туризм экспортини 900 миллион долларга етказиш муҳимлиги таъкидланди (2025 йилда 435 миллион доллар бўлган).
Жорий йил якунига қадар ишсизлик даражасини 4,2 фоизгача, камбағалликни 3,2 фоизгача пасайтириш, Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманлари ҳамда 109 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш мақсад қилинган. Қўшимча равишда “оғир” тоифадаги Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ ва Шуманай туманлари ҳамда 90 та маҳаллада камбағалликни 2 баробар қисқартириш вазифаси қўйилди.
Тақдимотда инвестицияларни жалб қилиш ва тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ҳудудга аввал берилган имтиёзлар муддатини узайтириш таклифи билдирилди. Президентимиз ушбу таклифни қўллаб-қувватлади.
Қорақалпоғистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 2,5 баробар ошириш (2025 йилда 3,5 миллиард доллар бўлган) мақсад қилингани қайд этилди.
Ҳудуд учун ишлаб чиқилган йирик инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди.
Сунъий интеллект соҳаси учун Тахиатош туманида модулли интеллектуал ҳисоблаш марказини ташкил этиш, Нукус шаҳрида автомобил саноати учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган технологик кластер барпо этиш, базальт толаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, чиқиндиларни куйдириш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш, Қораўзак туманида кўмирдан олтин ажратиб олиш фабрикаси, Тахтакўпир туманида пахта тозалаш ва йигириш фабрикаси, Чимбой туманида ип-калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳалари шулар жумласидан.
Қишлоқ хўжалиги бўйича Қорақалпоғистонда мавжуд ер ресурсидан фойдаланиш даражаси ҳудуд имкониятларига мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Мавжуд майдонларнинг атиги 2,5 фоизига экин экилаётгани, қолган 16 миллион гектар деярли ишлатилмаётгани қайд этилди. Иқлимга мос янги экин турларини топиб, уларни етиштириш бўйича илмий-амалий тажрибаларни йўлга қўйиш, сувсизлик ва шўрга чидамли, шу жумладан, фармацевтика саноати учун доривор гиёҳларни катта майдонларда етиштириб, экспортни кўпайтириш вазифалари белгиланди.
Яйловлардан самарали фойдаланиш ва чорвачиликни ривожлантириш бўйича Вазирлар Кенгаши раисининг алоҳида ўринбосари лавозимини киритиш таклиф қилинди. Жорий йилда 10 минг гектар яйловни тиклаш, ўсимликларни сунъий интеллект асосида мониторинг қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш вазифалари қўйилди.
Жорий йилда Қўнғирот, Чимбой, Беруний, Бўзатов ва Қонликўлда чорва озуқасини етиштириш, сақлаш ва қадоқлаш лойиҳалари, Беруний туманида йилига 36 минг тонна чорва ва балиқ озуқаси ишлаб чиқарадиган замонавий агромажмуа ишга туширилади.
Туризмни ҳудуднинг асосий драйверларидан бирига айлантириш зарурлиги таъкидланди.
“Борса келмас” туз кони ҳудудида “Ер кўзгуси” бренди остида туризм-рекреацион зонаси, Оролбўйи ва Устюрт платосида Марс сайёраси манзарасини эслатувчи нуқталарда глэмпинг зоналари ташкил этилади. Орол денгизи қуриши оқибатларини бутун дунёга намойиш қилиш учун Орол денгизи тарихи музейи очилади.
Бу ишлар ҳисобига жорий йилда Қорақалпоғистонга 500 минг хорижий ва 3 миллион маҳаллий сайёҳ жалб этиш вазифаси қўйилди. Машҳур туроператорларга ҳудуднинг жозибадорлигини ошириш учун қўшимча имтиёзлар жорий қилинади.
Интеллектуал лойиҳалар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш бўйича янгича тизимни Қорақалпоғистондан бошлаш белгиланди. Ёшлар ижтимоий-иқтисодий марказида IT университети ва стартаплар учун технопарк ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, сунъий интеллектни ривожлантиришга 5 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилиниб, маълумотларни қайта ишлаш, “булутли” маълумотлар ва ҳисоблаш марказлари имкониятларидан фойдаланиш даражаси 10 карра оширилиши кўзда тутилган. Жорий йилда Қорақалпоғистонда 1 миллион долларлик 10 та стартап лойиҳасини бошлаш, бу мақсадларга Илм-фан ва инновациялар жамғармасидан ҳар йили 30 миллиард сўмдан ажратиб бориш топширилди.
2027 йил якунигача Қўнғиротда халқаро стандартларга жавоб берадиган “қуруқ порт” мақомига эга Орол логистика марказини ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Жорий йилда Қорақалпоғистондаги инфратузилма лойиҳалари учун 150 миллиард сўм, марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилашга 2,2 триллион сўм йўналтирилиши, ичимлик суви ва канализация тармоқлари, сув тақсимлаш ва тозалаш иншоотлари ҳамда йўл қурилиши лойиҳаларига 200 миллион доллар жалб қилиниши белгиланди.
Йиғилиш якунида Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонда белгиланган марраларга эришиш учун барча имконият ва ресурсларни тўлиқ ишга солиш, ҳар бир туман ва маҳаллада аниқ ҳисоб-китоб ҳамда манзилли ёндашув асосида иш ташкил этиб, аҳоли турмуш сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирларнинг амалий натижасини тезроқ таъминлаш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
